Хоразм вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Хоразм вилоятида ҳам фуқаролар йиғинлари раиси (оқсоқоли) сайлови уюшқоқлик билан, юқори савияда ўтказилмоқда.
Сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи вилоят, туман ва шаҳар комиссиялари, ишчи гуруҳлар томонидан аҳоли ўртасида кенг тарғибот ишлари олиб борилди. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси лавозимига обрў-эътиборли, фаол ва ташаббускор номзодлар кўрсатилди. Ҳар бир кўча, қишлоқдан вакиллар йиғилишида иштирок этувчилар рўйхати шакллантирилди.

Хоразм вилоятида 526 та маҳаллага раис сайланади. Сайловнинг биринчи куни вилоятнинг 55 та маҳалласида фуқаролар ўзи муносиб деб билган номзодларга овоз берди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Хоразм вилояти филиалида Президентимизнинг 2022 йил 11 майдаги “Давлат бошқаруви соҳасида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори мазмун-моҳияти юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда филиал раҳбарияти томонидан коррупциядан холи бошқарув тизими ва давлат ташкилотлари бўш вакант лавозимларига шаффоф ўтказилаётган танловлар юзасидан ахборот берилди. 
Боғот туманида валюта маблағларини ноқонуний айирбошлаш ҳолатининг олди олинди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар А.С. ва М.Ж. ўзаро тил бириктириб, фуқаро Ф.Ж.га ҳар бир АҚШ долларини 11 230 сўмдан сотишга келишиб, жами 6 800 АҚШ долларини 76,3 миллион сўмга сотган вақтида ушланиб, улардан 7 минг АҚШ доллари, 13,5 минг Россия рубли ва 1,6 миллион сўм ашёвий далил тариқасида олинган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Хоразм вилоятида давлат захирасидаги ва томорқа ер майдонларининг сотилиши олди олинди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ИИВнинг Хоразм вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ў.М. фуқаро Ж.га Хонқа тумани, “Олажа” қишлоғидаги давлат захирасида бўлган 4 сотих ер майдонини уй-жой қуриш учун ҳар бир сотихини 25 миллион сўмдан сотишга келишиб, қурилиш ишлари бошлаганидан кейин унинг номига ҳужжатларни расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, 8 минг 700 АҚШ доллари ва 3 миллион сўмни олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, ўтказилган яна бир тезкор тадбирда, фуқаро С.А. фуқаро Н.га Хонқа туманидаги 15 сотих томорқа ер майдонининг ҳар бир сотихини 15 миллион сўмдан турар жой қуриш учун сотишга келишиб, қурилиш ишларини бошлаганидан кейин ҳужжатларни расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, 7 минг 900 АҚШ доллари ва 2,2 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Тупроққалъа туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро И.М. бошқа бир фуқаро А.нинг ишончига кириб, “Ёшлик” маҳалласидаги давлат захирасида бўлган 4 сотих ер майдонини фирибгарлик йўли билан сотишга келишиб, қурилиш ишлари тугалланганидан кейин унинг номига ҳужжатларни расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, эвазига 4 минг 700 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА