Хоразм қовунларининг тилими тилни ёрар
Хива шаҳрида анъанавий халқаро “Қовун сайли” фестивали якунланди.
Тарихдан маълумки, Хоразм заминида етиштирилган ширин-шакар қовунлар азалдан қўрғошин қолипларда карвонлар орқали дунёнинг кўплаб мамлакатларига етказиб берилган. Айни пайтда ҳам воҳа қовунлари жуда кўп мамлакатларда маълум ва машҳур бўлгани боис катта ҳажмда экспорт қилинади.
Хоразм қовунчилигини янади кенг тарғиб қилиш орқали маҳаллий ва хорижий сайёҳлар эътиборини қаратиш ва туристлар оқимини ошириш мақсадида ўтказилган қовун сайли уч кун давом этди. Ҳар йили айни қовун пишиғи мавсумида ўтказилиши анъанага айланган мазкур фестиваль “Ичан қалъа” давлат музейи қўриқхонаси “Полвон” дарвозаси олдидаги “Аллея” майдонининг 4 гектарида 60 та павильон ташкил қилинди.
Фестивални ўтказишдан мақсад серқуёш заминимизда ушбу тансиқ маҳсулотни хорижлик сайёҳларга кенг тарғиб этиш, туризмни ривожлантиришдир.
Павильонларда республикамизнинг барча ҳудудлари, шунингдек, Хоразм вилоятидаги 13 та шаҳар ва туманларда етиштирилган мева-сабзавотлар, полиз экинлари, хусусан, қовун маҳсулотлари намойиш этилди. Қовун – иссиқсевар ва ёруғсевар ўсимлик. У қурғоқчилик ва тупроқ шўрланишига чидамлидир. Кўплаб турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан фарқли ўлароқ, қовунни бошқа экинлар учун яроқсиз ҳисобланган чўл зоналари, яъни қурғоқчилик шароитида ва шўрланган тупроқда ҳам етиштириш мумкин.
– Республикада бу каби ерлар кўплигини ҳисобга олсак, қовуннинг турли-туман навларини етиштириш мамлакат экспорт салоҳиятини оширишга имкон беради, – дейди бухоролик фермер Умид Маҳмудов. – Биз ҳам бугун қовун сайлига полизда етиштирилган 38 та навдаги қовунларни олиб келдик. Қовун турларининг ичида “Бўри калла” навини экспортга чиқармоқдамиз. Хоразмлик деҳқонлар бой тажрибага эга. Энг муҳими, ушбу кўникмалар авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда.
Қовун сайли фестивалнинг биринчи кунида юртимизнинг таниқли санъат усталари иштирокида очилиш маросими бўлиб ўтди. Дилтортар тароналар, миллий ва эстрада куй-қўшиқлари иштирокчиларга, хорижий меҳмонларга янада завқли онларни тақдим этди.
[gallery-18695]
– Мен ушбу қовун байрамига атайлаб келдим, – дейди италиялик сайёҳ Франко Фарменти. – Бизнинг мамлакатда қовун типик мева ҳисобланади. Тарвуз эса десерт сифатида дастурхонга тортилади. Лекин ҳеч қачон кўп полиз экинларини ва меваларни кўрмаганман. Бу ердаги манзарадан ўзимни гўё эртаклар оламида юргандек ҳис қилдим. Маҳсулотларнинг таъми жуда ёқимли. Бундай мазали қовун ва тарвузларни татиб кўрмаганман. Мамлакатингиздаги тўкин-сочинликка ҳавас қилса арзийди.
Дарҳақиқат, қовун сайлининг барча тадбирлари хорижий ва маҳаллий сайёҳлар билан гавжум бўлди. Юқори даражада ташкил этилган фестиваль уларга ҳам унутилмас онлар, бой таассуротлар туҳфа этди. Бугунги кунда Хоразмда миришкор, фермерлар ва олимлар ҳамкорлигида йўқолиб кетган қовун навлари қайта тикланмоқда, янгилари яратилмоқда. Қовун уруғларининг 125 тури намунаси генофонд сифатида сақланмоқда. Қолаверса, Гулоби хоразмий ва Саховат номли қиш бўйи сақланадиган қовунлар келаси йилдан эса сотувга чиқариладиган янги навлар ҳам яратилди.
Сайлда “Гурвак”, “Қиличбой бешак”, “Қариқиз”, “Туя қовун”, “Тўёна”, “Ола замча”, “Хоразм оқ новвоти”, “Кўк гулоби”, “Бўрикалла” каби маҳаллий қовунларнинг навлари намойиш қилинди. Шунингдек, қовун, унинг пўчоғи ва уруғидан тайёрланадиган 103 турдаги маҳсулотлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
Сайлнинг иккинчи куни ҳам шукуҳли жараёнларга бой бўлди. Халқаро фестиваль доирасида фольклор жамоалари чиқишлари, концерт дастурлари, тасвирий санъат асарлари намойиши, ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси, дарбозлар ўйини, хон ва аёнлар чиқиши, қўғирчоқ театри томошалари, миллий таомлар тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари, жонли ижродаги саҳна кўринишлари ва бошқа маданий тадбирлар бўлиб ўтди.
Қовун сайли якунда ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, Хоразм вилояти Янгибозор тумани фестивалнинг олий ўрин соҳиби деб топилиб “Tracker” енгил автомашинаси билан тақдирланди. Биринчи ўринни эгаллаган Урганч шаҳрига “Onix”, иккинчи ўринни эгаллаган Хива туманига эса “Damas” машинаси топширилди. Учинчи ўрин эса Урганч, Қўшкўпир туманлари ва Хива шаҳрига насиб қилди ҳамда уларнинг ҳар бирига мотоцикль берилди.
Шунингдек, “Қовунни қайта ишлаш ва сақлагани учун”, “Қадимий Хоразм навларини тиклаш ва янги инновацион технологиялар жорий қилганлиги учун”, “Қовунчиликда энг юқори рентабелликка ва экспортбоп қовун етиштирганлиги учун”, “Энг ширин экологик қовун етиштирганлиги учун” каби номинациялар бўйича бир қатор туман ва шаҳарлар, муассасалар ҳамда фермер хўжаликлари қимматбаҳо совғалар билан тақдирланган.
Қовун сайлининг якуний қисмида барча меҳмонлар ҳамда ташриф буюрувчиларга хорижлик санъаткорлар ҳамда ўзбек эстрадасининг ёрқин юлдузлари иштирокида катта гала-концерт дастури намойиш этилди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат) ЎзА мухбирлари.