Хонқада бюджетдан ажратилган пулларнинг сарфланишини жамоатчилик ҳал қилади
Хоразм вилоятидан сайланган сенатор ва депутатлар шаҳар ва туманларда бўлиб уларни қийнаётган муаммоларни бартараф қилишга ёрдамлашмоқда.
Шунингдек, жойларда қонунчиликка киритилган ўзгаришлар, қарор ва фармонлар ижросини таъминлаш юзасидан ўрганишлар олиб борилмоқда.
Хонқа туманида сенаторлар, халқ депутатлари шаҳар ва туман кенгашлари котибияти мудирлари, сиёсий партиялар вилоят кенгаши мутасаддилари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Унда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 13 апрелдаги “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори юзасидан Хонқа туманида амалга оширилиши керак бўлган ишлар таҳлил қилинди. Мазкур қарорга мувофиқ, 2021 йил май ойидан бошлаб мамлакатимиздаги айрим шаҳар ва туманларда, 2022 йил 1 январдан эътиборан республиканинг барча туман (шаҳар)ларида тегишли бюджетларнинг тасдиқланган умумий харажатларининг 5 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириш тартиби босқичма-босқич жорий этиш белгиланган.
Шунга кўра, Хонқа туманида ҳам май ойидан бошлаб туман бюджетининг тасдиқланган умумий харажатларининг 5 фоизи, 1 июлдан эса қўшимча манбаларнинг камида 10 фоиздан 30 фоизигача жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни амалга оширишга йўналтирилади. Ортиқча расмиятчиликдан ҳоли, эркин тарзда ўтказилган учрашувда масъул мутасаддилар мазкур қарор ижроси бўйича маълумот берди.
– Туманимизда давлат бюджетидан дастлабки 5 фоиз маблағ, яъни олти ярим миллиард сўм жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириш учун ажратилди, – дейди Хонқа тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Фарруҳ Эрназаров. – Эндиликда бизнинг вазифамиз ана шу пул маблағларини туманимизнинг 188 минг аҳолиси ўртасида шаклланган жамоатчилик фикри асосида тадбирларни белгилаб, тўғри йўналтиришдан иборат. Жамоатчилик фикри интернет тармоғидаги Ўзбекистон Республикаси “Очиқ бюджет” (WWW.OPEN BYUDJET.UZ) портали орқали аниқланади. Албатта ушбу жараёнда туманимиздаги фуқароларнинг катта қисми иштирок этиши кутилмоқда ва бу борада тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Баҳс-мунозараларга бой ўтган учрашувда халқ депутатлари шаҳар ва туман кенгашлари котибиятлари фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Сўнг сенаторлар Урганч шаҳрида Олий мажлис сенатига мурожаат йўллаган фуқароларни қабул қилди. Қабул жараёнида фуқароларнинг турли мазмундаги ўнга яқин мурожаатлари тингланди.
Очиқ ва самимий мулоқотда айрим муаммолар жойида ижобий ҳал этилди. Ижроси вақт талаб этадиган мурожаатлар қонунчиликда белгиланган муддатларда ўрганилиб, чора кўриш учун тегишли ташкилот ва идораларга юборилди. Ижроси эса сенаторлар назоратига олинди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА