Хонободнинг маъданли сув ва салқин ичимликлари
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги байрами арафасида Андижон вилоятининг туман ва шаҳарларида янги-янги ишлаб чиқариш корхоналари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари фойдаланишга топширилмоқда.
Хонобод шаҳарининг Янги ҳаёт маҳалласида “Water Life Mineral” масъулияти чекланган жамияти томонидан қадоқланган маъданли сув ва салқин ичимликлар ишлаб чиқариш корхонаси иш бошлади.
Хонобод шаҳрида туризмни ривожлантириш, шаҳарни Фарғона водийсининг туризм марказига айлантириш, сайёҳларни жалб этиш борасида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, «Лайф Хонобод» инвестиция ва туристик лойиҳаси доирасида қадоқланган маъданли сув ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
[gallery-9906]
Умумий қиймати 22,5 минг еврога тенг лойиҳа доирасида барпо этилган корхона тўла қувват билан ишга тушгач, йилига инсон организми учун фойдали бўлган, минералларга бой жами 20 миллион донадан ортиқ, шундан 112,5 миллион дона газсиз, 67,2 миллион дона газли ҳамда 20,3 миллион дона бошқа турдаги қадоқланган маъданли сув ва салқин ичимликлар ишлаб чиқарилади.
Корхона маҳсулотлари юртимиз ички бозорида сотилади, маълум қисми экспортга йўналтирилади. Корхона томонидан йилига 7 миллион доллар қийматдаги маҳсулот экспорт қилиниши кўзда тутилган.
Корхона ишга тушиши билан 200 та янги иш ўрни яратилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА