Хонободда санъат ва маданият фестивали
Андижон вилоятида Хонобод шаҳри ташкил этилганлигининг 50 йиллиги ҳамда улуғ санъаткор, Ўзбекистон Халқ артисти Сойиб Хўжаев хотирасига бағишланган санъат ва маданият фестивали бўлиб ўтди.
Фестивал нафақат хонободликлар, балки вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан, қўшни Наманган, Фарғона вилоятлари, Қирғизистон Республикасидан келган меҳмонларга хуш кайфият улашди. Халқ сайли тарзида ўтган тадбирда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ва бошқалар мамлакатимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, хусусан, Президентимиз ташаббуси билан шаҳарни ободонлаштириш, сўлим, табиати гўзал Хонободни Фарғона водийсининг туристик марказига айлантириш, шунингдек, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидлади.
Хонобод шаҳри қурилишига тамал тошини қўйган ва юксалиши учун беқиёс ҳисса қўшган шаҳарнинг биринчи раҳбари Солижон Меҳмонов хотираси ёдга олинди. Ўзларининг хайрли ва ибратли ишлари, эзгу амаллари билан эл-юрт равнақи йўлида фидойи бўлган инсонлар ҳеч қачон унутилмаслиги, уларнинг хотираси одамлар қалбида ҳамиша барҳаёт эканлиги алоҳида қайд этилди. Ҳаётимиз кўрки бўлган кекса отахон ва онахонларнинг дуолари билан фестивал тадбирлари бошланди.
Дастлаб меҳмонлар Солижон Меҳмоновнинг уй-музейини бориб кўрди. Шаҳар марказида ташкил этилган ҳунармандлар кўргазма-ярмаркасида намойиш этилган ҳунармандчилик маҳсулотлари барчага манзур бўлди. “Хонобод” сиҳатгоҳида умумтаълим мактаблари ўқувчилари, маҳалла ёшлари ўртасида спортнинг мини футбол, “Workout”, оғир атлетика, тош кўтариш ва шахмат турлари бўйича мусобақалар ўтказилди. Шаҳар марказий майдонида бадиий ҳаваскорлик жамоалари томонидан намойиш этилган дастурлар, ҳарбийлар, ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари фестивалга ўзгача файз бағишлади.
Шаҳардаги “Афсона” дам олиш масканида Ўзбекистон Халқ артисти, кулги дарғаси Сойиб Хўжаев хотирасига бағишланиб ўтказилган аскиячи ва қизиқчилар танлови барчага хушнудлик бахш этди. Халқимизнинг суюкли хонандалари томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар иштирокчиларни рақсга чорлади. Қўшиқлардаги миллийлик, халқона оҳанглар қалбларни тўлқинлатди.
– Кундан кунга юксалиб, чирой очиб бораётган юртимизга фақат байрамлар ярашади, – дейди вилоят Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ўктамжон Охунов. – Бугунги байрамга вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларидан нуронийлар ташриф буюрди. Улар Хонободдаги ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди. Қизиқчи ва аскиячилар, санъаткорларнинг чиқишларидан мириқиб дам олди, кўнгиллари тоғдай кўтарилди. Бугунгидай тинч ва фаровон ҳаётимизга асло кўз тегмасин.
Фестивал доирасида моҳир пазандалар ўртасида ўтказилган “Ош” кўрик-танлови, миллий ва замонавий либослар тарғиботига бағишланган кўргазмалар халқимизнинг миллий таомлари, либослари, қадрият ва анъаналари умрбоқийлигининг намойиши бўлди. Фестивал тадбирлари кеч оқшом шаҳар марказидаги Шоҳсупа майдонида юртимизнинг таниқли эстрада юлдузлари иштирокидаги гала-концерт билан якунланди. Концерт дастури давомида фестивал доирасида ўтказилган турли танлов ва спорт мусобақалари, кўргазмаларнинг ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Мазкур фестивал шаҳар аҳолиси, меҳмонлари, айниқса, ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига ҳурмат, миллий ғурур ва ифтихор, эртанги кунга умид туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
[gallery-6964]
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат) ЎзА