Бугун кўнгилларга хушнудлик бахш этиб юртимизда баҳор шабадаси эсмоқда. Қуёшнинг илиқ тафтидан баҳра олаётган замин, дов-дарахтлар яшил либосини киймоқда. Зилол сувлари шилдираб оқаётган ариқлар бўйларида, далаларда кўкатлар бош кўтариб, кўкка бўй чўзмоқда.
Халқимизнинг қадим байрами Наврўзи олам арафасида юртдошларимиз қалбида шукроналик, элимизга тинчлик, бир-бирларига омонлик тилайдилар. Табаррук кексаларнинг қўллари эса, дуода.
– Шу кунларга етказганига шукр, – дейди Ўзбекистон Фахрийларини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” уюшмаси шаҳар бўлими раҳбари Хусанбой Назиров. – Бугун юртимиз обод, ҳаётимиз тинч, дастурхонларимиз тўкин. Бу халқимизнинг нияти холислиги, меҳнатсеварлиги, юртдошларимизнинг юртни обод қилишдек хайрли ишларга камарбасталиги шарофатидан.

Президентимизнинг жорий йил 6 мартдаги “2026 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Наврўзи байрами олдидан Хонободнинг ҳар бир гўшасида “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир!” деган эзгу ғоя асосида, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди, ҳар бир маҳаллада байрам тадбирлари, сумалак сайллари юқори кўтаринкилик билан ўтказилмоқда. Ана шу байрамолди тантаналарида иштирок этган қайси бир юртдошимиз билан суҳбатлашмайлик, уларнинг қалбида шукроналик, ҳаётдан мамнунлик, обод юртидан фахрланиш туйғулари жўш ураётганлигини англаш мумкин.
Алишер Навоий номидаги шаҳар маданият ва истироҳат боғида “Ассалом, Наврўз” номли байрам тантаналари ҳар йилгидан ўзгача ўтди. Дастлаб Хонобод шаҳар ҳокими Элёрбек Абдураҳмонов барчани байрам билан муборакбод этиб, хонободликлар эришаётган ютуқлар ҳақида гапирди.
Ўзининг гўзал табиати, юксак туристик салоҳияти билан танилган Хонобод шаҳридаги байрам шодиёналари нафақат шаҳарликлар, балки шаҳар меҳмонлари учун унутилмас лаҳзаларга бой бўлди.

Виқорли тоғлар этагида жойлашган, ўзининг сўлим ва гўзал табиати ҳар қандай кишини мафтун этувчи Хонободда карнай-сурнай садолари билан бошланган Наврўз сайли байрами ҳақиқий халқ сайлига айланиб кетди. Боғ ҳудудида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, ҳунармандлик буюмлари, миллий либослар кўргазмалари ташкил этилди.
Шаҳардаги маҳаллалар ўртасида баҳорий таомлар танлови, “Маҳалланинг оқила келини” тадбири, “Қизлар давраси” тўгараклари беллашуви, арқон тортиш, кураш, стол тенниси сингари қатор миллий ва спорт ўйинлари байрамга ўзгача шукуҳ бағишлади. Айниқса, мактабгача, умумтаълим мактаблари қошидаги бадиий тўгараклар томонидан намойиш этилган дастурлар, спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари барчада катта таассурот қолдирди.
Юқори кўтаринкилик билан ўтган Наврўз байрами сайлида дошқозонларда сумалак ва бошқа баҳорий таомлар тайёрланди. Бадиий ва ҳаваскорлик жамоалари, таниқли эстрада хонандалари томонидан ижро этилган куй, рақс ва қўшиқлар, қизиқчи ва аскиячиларнинг чиқишлари барчага хушнудлик, кўтаринки ва байрамона кайфият улашди.

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.