Таомланиш тарихининг бир бўлаги сифатида мева шарбатлари ва шарбатдорликнинг ҳам ўз тарихи бор.

Халқимиз узоқ даврлардан бери ўз кундалик ҳаётида фойдаланиб келаётган ўрик (туршак) шарбати бугун одатий ичимликка айланиб улгурган. Кишига қувват бағишловчи анор шарбати ҳақидаги ҳикоялардан ҳам кўпчиликнинг хабари бор. Атиргул сувидан тайёрланган ширин ичимлик – гулоб тўғрисида ҳам эшитганмиз. Боиси, аждодларимиз қанд, шира ва мева суви ёки ўсимликдан тайёрланган ширин ичимлик – шарбатни қадимдан истеъмол қилиб келишган. Ҳукмдорлар саройида ҳатто шарбат тайёрлаш билан шуғулланган алоҳида мансаб эгалари ҳам бўлган. Қуйида шарбат ва уни тайёрлаш билан машғул бўлган шарбатдорлар тарихига оид айрим маълумотларни келтирмоқдамиз.

ТИБ ВА ФИҚҲ ИЛМИ ДАҲОЛАРИ ШАРБАТ ҲАҚИДА 

Зардуштийликнинг муқаддас китоби “Авесто”да ҳаома шарбати ҳақидаги қараш баён этилган. Ушбу динга эътиқод этганлар ўсимликлардан шарбат сиқиб истеъмол қилганлар. Милоддан олдинги даврлардаёқ қадимги юнон-рим тарихчилари Бақтрияда сершарбат мевалар етиштирилгани ҳақида ёзиб қолдиришган. Машҳур географ ва тарихчи Страбон ҳам массагетлар ичиш учун мевалардан эзиб чиқарилган шарбатдан фойдаланганини қайд этиб ўтган. Ўрта асрларда Хоразмда тегирмон тошларидан меваларни эзиб ичимлик олиш учун ҳам фойдаланилган. Кат қалъасидан топилган қумтошдан ишланган шундай мослама Хоразмда шарбат ишлаб чиқариш йўлга қўйилганидан далолат беради.

Шарқ ва Ғарбда машҳур бўлган аллома Ибн Сино ўз шахсий кузатишлари ва тажрибалари асосида доривор ўсимликлардан тайёрланган кўп сонли шарбатларни таъриф этган. Улуғ ҳаким шарбатларнинг иқлим ва йил фаслларига кўра маълум шароитда бўлган танага таъсир этишини баён этган. Буюк фақиҳ Бурҳониддин Марғиноний ўзининг эллик етти китобдан иборат “Ҳидоя” асарининг эллигинчи китобини “Ичимликлар ҳақидаги китоб” деб номлаган. Одилжон Қориевнинг қайд этишича, китобда мевалардан олинган қандай ичимликларни истеъмол қилиш мумкинлиги, шарбат тайёрлашнинг усуллари, қандай йўл билан тайёрланган шарбатларнинг истеъмоли рухсат этилиши каби масалалар ўрин олган. Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғот ат-турк” асарида ҳам шарбатлар ҳақида қизиқ маълумотлар берилган. 

ШИФОХОНАДА ТАЙЁРЛАНГАН ШАРБАТЛАР

Тарихий манбалардан маълум бўлишича, Сомонийлар ва ундан кейинги сулолалар даврида ҳам ҳукмдор саройида шарбатдорлар хизмат қилганлар. Туркистонга келган машҳур араб сайёҳи ва географи Ибн Баттута Вобкентда маҳаллий аҳолининг олхўри меваси шарбатини истеъмол қилиши ҳақида ёзиб қолдирган. Амир Темурнинг Самарқанддаги саройига саёҳат қилган испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихо ҳам ўз кундалигида соҳибқирон саройининг шарбатдорларини тилга олиб ўтган. 

Тарихчи олим Ҳалим Тўраевнинг қайд этишича, аштархонийлар сулоласи даврида Бухорода қурилган Дор аш-шифо мадрасасида турли дори-дармонлар билан бирга шарбатлар ҳам тайёрланган. Дор аш-шифода ҳар йили 800 шиша гулоб, кўз ва бошқа касалликларга даво бўлувчи турли дорилар тайёрланиб, хаста кишиларга берилган. Бухоро хони Имомқулихон Баҳоуддин Нақшбанд мозори учун тилла ва кумуш идишлар ясатиб, уни шу мозорга ҳадя этган. Чоршанба куни гулисурх байрамида идишларга шарбат қуйиб, ўша жойнинг аҳолисига улашиш буюрилган.

ҲУКМДОР ХИЗМАТИДАГИ ШАРБАТДОРЛАР

Бухоро амирларига турли ичимликларни тайёрлаш ва етказишни ташкил этиш билан шарбатдорлар шуғулланишган. Тузалган дастурхон олдида амирга шарбат қуйиб бериш тўқсабонинг иши бўлган (ҳарбий ҳаракатлар чоғида тўқсабо амир туғини кўтариб юрган). Саройда бир неча шарбатдорлар хизмат қилганлар. Амирликдаги бекликларда ҳам шарбатдор лавозими бўлган. Хивада ҳам хонга шарбат тутувчиларни шарбатдор (шарбатчи)лар дейишган. Улар маҳрамлар ҳамда хонга яқин кишиларга бериладиган амал ва унвон эгаларидан бири ҳисобланишган. Шарбатдорлар ўз вазифаларига ёрлиқсиз ўтказилганлар. Қўқон хонлигида шарбатдор энг олий ва фахрий унвонлардан бири бўлган. Улар хонга хос мажлислар ва сафарларда ҳам хизмат қилганлар.

Қўқон хонлари саройида ўтказилган базмларда шарбатлар шоҳона дастурхоннинг кўрки бўлган. “Ибратул хавоқин” (“Хоқонларга ибрат”) асари муаллифи Ниёз Муҳаммад Ҳўқандийнинг ёзишича, Тошкентга келган Умархон учун “Олиймақом султонларга сазовор ва олийтабор хоқонларга лойиқ меҳмондорликни бошлаб, тождор хонларга хос дастурхонга оро бериб, турли неъматлар ва жондан ширинроқ шарбатларни ҳазрат жанобларига олиб кириб, султонлик мажлиси саҳнини неъмату таом ва шарбатлар билан тўлдирдилар”. Қўқон хони Худоёрхоннинг ўғли томонидан ёзилган “Анжум ат-таворих” (“Тарих юлдузлари”) асарида қайд этилишича, Олимхон давридан бошлаб ҳукмдорнинг оиласи Наврўз байрамини шаҳардан ташқарида бир ой давомида халқ сайли шаклида нишонлар, байрам якунида хон саройида умумий қабул эълон қилинар эди. Ушбу қабулга таклиф этилганлар учун “Ошпазлар ва шарбатчилар олий саройда турли туман лазиз таомлар пишириб, ҳар хил шарбатларни тайёр ва муҳайё қилиб қўярдилар”.

ШАРБАТ ТАЙЁРЛОВЧИЛАР МАҲАЛЛАСИ

Шарбатдорлар нафақат ҳукмдор саройида сулола вакиллари учун, балки бир касб вакили сифатида оддий халқ учун ҳам хизмат қилганлар. Масалан, XVIII аср охирида Самарқанд шаҳрининг шарқий қисмида Шарбатдорлар маҳалласи юзага келган. Бу ерда турли ширин ичимликлар, табиий шарбатлар тайёрловчилар истиқомад қилганлар. Шу даврда Китоб шаҳри олти дарвозага эга бўлиб, жанубий дарвозаси Шарбатхона деб аталган. Дарвозанинг бундай номланиши шу жойдаги маҳалла номи билан боғлиқ бўлган. 

Рус амалдори, генерал Димитрий Логофетнинг “Бухоро хонлиги рус протекторати остида” номли асарида қайд этилишича, амирликда XX аср бошларида минерал сув ва шарбат ишлаб чиқариш саноати фаолият олиб борган. Иссиқ иқлимнинг талабларидан келиб чиқиб Чоржўй, Карки, Янги Бухоро, Термиз шаҳарларида кичик заводлар ишлаб турган. Бу маҳсулотлар нархи арзонлиги билан жуда харидоргир ҳисобланган. Шунинг учун ҳам шифобахш минерал булоқ сувлари ва мева шарбатлари Россияга ташиб кетилган.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хонлар ва амирлар ўтказган базмлар дастурхонининг кўрки