Ташқи сиёсатдаги навбатдаги дадил қадам ва минтақавий ҳамда глобал муаммоларнинг аниқ ечимини ўз ичига олган таклифлар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитидаги нутқи билан танишиб, шу хулосага келиш учун асослар етарли. Зотан, 1985 йилда асос солинган ва бугунги кунда ўнта давлат – Озарбойжон, Афғонистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон аъзо бўлган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти аҳамияти ва географиясига кўра, нафақат минтақа балки, дунё миқёсида ҳам ҳал қилувчи минбар бўла оладиган ташкилот.
Ўзбекистон учун эса, МДҲ, ШҲТ, ЕОИИ, ТДТ каби ташқи сиёсатдаги асосий ҳамкорлик йўналишларидан биридир. Шу маънода, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан бугун илгари сурилган ташаббуслар нафақат минтақавий, балки қатор глобал муаммоларнинг ҳам ечимини ўзида акс эттириши мамлакатимизнинг мазкур ташкилот ва унинг доирасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга қай даражада жиддий ёндашувини ўзида мужассам этган.
Қайд этилганидек, ҳозирги кунда ўзаро савдо ҳажми паст даражада қолмоқда. Бу кўрсаткич 2024 йилда 95 миллиард долларни ташкил этиб, давлатларимиз умумий савдо айланмасининг 10 фоизини ташкил этган. Бу борада мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш, стратегик масалаларни муҳокама қилиш, Савдони соддалаштириш тўғрисидаги битимни келишиш мақсадида жорий йил Тошкентда ташкилотга аъзо мамлакатларнинг савдо вазирлари учрашувини ўтказиш таклифи ўртага ташланди.
Англашиладики, Ўзбекистон ташаббуслари шунчаки таклиф эмас, балки бир вақтнинг ўзида ечими борасида аниқ вазифани ҳам ўз ичига олгани билан аҳамиятли бўлди.
Бунга яна бир мисол тариқасида, минтақада янги авиақатновлар йўналишларини очиш, авиакомпаниялар ўртасида инновацион ҳамкорлик шаклларини йўлга қўйиш, туризм ва авиация соҳалари ўртасида маркетинг бўйича интеграциялашган стратегияларни ишлаб чиқиш борасида ўртага ташланган таклифни ҳам олишимиз мумкин. Бу борада ҳам таклиф шунчаки ўртага ташланмади, балки мазкур йўналишдаги умумий вазифалар муҳокамаси учун Самарқандда Миллий авиакомпаниялар форумини ташкил этиш ташаббуси билдирилди.
Ташкилотга аъзо давлатларнинг аҳолиси, маҳаллий ва халқаро сайёҳлик учун мавжуд имкониятлардан тўлароқ фойдаланиши ҳамма учун тенг манфаатли эканлиги ойдин ҳақиқат. Зеро ташкилот ҳудудида нафақат минтақа, балки дунё сайёҳлик йўналишларининг муҳим нуқталари кўп. Бу эса, сайёҳлик масканларига саёҳатчилар оқимини ошириш орқали хизмат кўрсатиш, логистика, авиация соҳалари ривожи ҳисобига иқтисодий йўналишларда кўзланган мақсадларга етишда ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Ўзбекистон томони саммитда мазкур жиҳатдан келиб чиқиб, иштирокчилар эътиборига аниқ таклифни ҳавола қилди. Таъкидландики, ташкилот аъзолари туризм соҳасида сайёҳлар оқимини истиқболда икки баробар ошириш учун етарли салоҳиятга эга. Бу натижага эришиш учун ташкилот доирасида “Туризм хизматларини кенгайтириш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш таклифи ўртага ташланди. Бу эса, катта мақсадлар сари илк амалий қадам айнан Ўзбекистон ташаббуси билан Хонкендида қўйилганини англатади.
Бир сўз билан айтганда, Хонкенди саммити Ўзбекистон дўстлик, ўзаро ишонч, тенг манфаат, пировардида халқлар фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган сиёсатида собит эканини яна бир бор исботлади.
Зулайҳо Акрамова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати