Мамлакатимизнинг кўплаб жойларида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида муайян амалий ишлар бажарилмоқда. Жумладан, Наманган вилояти Нуронийлар жамоатчилик кенгаши, вилоят “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида хайрли ташаббусга қўл урилди.
Тумандаги бир қатор оилаларга мевали кўчатлар ва мавсумий экин ниҳоллари тақдим қилиниб, уларнинг томорқасидаги бўш турган ер майдонларига ўтқазиш мақсадида ҳашар ташкил этилди. Эътиборлиси, кўчатлар ёши улуғ, ҳаётий тажрибаси бўлган кексалар ерга қадашди.

Эътиборлиси шундаки, Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги “Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги фармойишида “Нуроний” жамғармасига бошқа жамоат ташкилотларини жалб қилган ҳолда саховатпеша фуқароларнинг хайрия ва эҳсонларини камбағал оилаларни даромадларини ошириш ва маҳалла инфратузилмасини яхшилашга қаратилган лойиҳаларга кенг жалб қилиш белгилаб берилган эди.

– Юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, элимиз дастурхонига турфа сифатли ноз-неъматларни ўз вақтида арзон нархларда сифатли етказиш ҳар доим ҳам долзарблик касб этган, – дейди вилоят “Маҳалла” хайрия жамоат фонди масъул ходими Жобирхон Шокиров. – Кўчат экишдек хайрли ҳашар ҳам аҳоли ўртасида томорқадан самарали фойдаланиш, сувни тежаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёшлар тарбиясида нуронийларнинг ўрни ва аҳамиятини тарғиб қилишга қаратилгани билан аҳамиятли. Бинобарин, кексаларнинг бугунги ташаббуси, албатта, ёшларнинг эътиборида ернинг ҳар қаричидан оқилона фойдаланиш, кўчат ва дарахтларни тўғри парваришлаш маданиятини шакллантиришга хизмат қилади.


Наврўзи олам кунларида “Маҳалла” фонди ҳамда маҳалладаги саховатпешалар томонидан ажратилган ўрик, олма ва шафтоли кўчатларини тадбир ташкилотчилари хонадонларга экиб, уй соҳибларига ажратилган совғалар, озиқ-овқат маҳсулотлари нуронийларга чинакам байрам кайфиятини улашди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА