Ер юзида аҳоли сонининг камайишига нисбатан ортиб бориш тенденцияси доим юқорироқ кечади. Халқаро экспертларнинг ёзишича, сайёрамизда яшовчи аҳоли сонининг 1 миллиард кишига етиши учун 200 минг йилдан кўпроқ вақт кетган бўлса, ушбу рақам 7 миллиардга етиши учун 200 йил керак бўлди, холос. Бу борадаги ўсиш кўрсаткичи сўнгги йилларда янада жадаллашди - шу йил август ойи ўрталарида дунё аҳолиси сони 8 миллиарддан ошди.
Бу мамлакатлар олдига энг долзарб масалалардан бири бўлган озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, маҳсулот ишлаб чиқариш ва етказиб беришнинг самарали усулларини қўллашни тақозо этмоқда. Қолаверса, жаҳонда иқлим ўзгаришлари, қурғоқчилик натижасида нарх-навонинг ортиб бораётгани қишлоқ хўжалигини замонавий технологиялар асосида ривожлантириш талабини янада оширади.
Мамлакатимизда томорқадан икки ва уч мартагача ҳосил олиш бўйича ўзига хос мактаб яратган томорқа эгалари, туманлар сони тобора ортиб бормоқда. Пешкўлик Ёриқул ота Ҳамроев тажрибали миришкорлардан.
Бухоро аҳлига хос узум етиштириш анъанаси унинг хонадонида ҳам йўлга қўйилган. Оила 16 сотих томорқасида экилган турли узум навларидан ҳар мавсумда 8-9 тонна ҳосил олади. Куз ойларида эса кичик узумзорга тўқсонбости саримсоқпиёз ва ҳар хил кўкат экиб, эрта баҳорда 1,5 минг тонна маҳсулот олиш йўлга қўйилган. Шу тариқа кичик томорқадан хонадон эгалари йиллига 75-80 миллион сўм даромад олмоқда.
Ҳудудларимизда шу каби уста деҳқонлар, намунали томорқачилар жуда кўп. Одамларнинг томорқадан фойдаланиш кўникмаси ҳам, тажрибаси ҳам ошиб боряпти.
Аслида ҳам озиқ-овқат етиштиришда нафақат қишлоқ хўжалиги ерлари, балки аҳоли томорқалари ҳам муҳим локомативга айланиб бормоқда. Одамлар томорқадан фақат ўз эҳтиёжлари учун маҳсулот етиштиришда эмас, кўпроқ қўшимча даромад манбаи сифатида фойдаланмоқда.
Куни кеча Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг ходимлари Бухорода хусусан, Пешку туманида ўрганиш ишларини олиб боришди. Унда туман ҳокими В.Қаххоров, ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда барча маҳаллаларда ўрганиш, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, намунали томорқачилар тажрибаси оммалаштириш, аҳоли томорқаларида август-сентябрь ойларида пиёз ва саримсоқпиёз экинларни экиш бўйича семинар ўтказилди.
Унда «Томорқа хизмати» жамияти томонидан аҳоли томорқаларни шудгорлаш, мевали кўчатлар, пиёз ва саримсоқпиёз уруғлари, парранда ва қорамол етказиб бериш, ихчам иссиқхоналар қуришда одамларга яқиндан кўмак бериш хусусида сўз юритилди. Шунингдек, етиштирилган ҳосилни «Томорқа хизмати» жамиятлари харид қилиш механизми бўйича хонадон эгалари ва ҳоким ёрдамчиларига тушунтиришлар берилди.
Умуман, бугун томорқачилик мамлакатимизда нафақат аҳолини иш билан банд қилиш ва яхши даромад манбаи, балки озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бозорларда нархлар барқарорлигини сақлашнинг самарали механизмига айланди. Ушбу тармоққа берилаётган имтиёзлар эса одамларнинг томорқадан янада унумли фойдаланиши, бу борада янги технологияларни ўрганишга қизиқишини оширяпти. Натижада тажрибали томорқачилар сафи кенгайиб, хонадонларда етиштирилаётган сифатли маҳсулотлар ҳам ички, ҳам ташқи бозорда ўз ўрнини топмоқда.
Элмурод МАМАРАҲИМОВ,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши