Тўқимачилик, тикувчилик ва трикотаж саноати миллий иқтисодиётнинг стратегик муҳим тармоғи ҳисобланади. Ана шу сабабли Сирдарё вилоятида ҳам тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратиляпти.
Бу, биринчидан, вилоятда етиштирилаётган пахта хомашёсини қайта ишлаш орқали ундан ярим тайёр ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, иккинчидан, вилоятнинг экспорт салоҳиятини ошириш, учинчидан эса, аҳолининг ишсиз қатламини иш билан таъминлаш имконини беряпти.
Буни Гулистон туманидаги аралаш калава ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган "Mili teks Sirdaryo" корхонаси мисолида айтиш мумкин. Ишлаб чиқариш қуввати 10 минг тонна бўлган мазкур корхонада ўтган йили 6.5 миллион долларлик, жорий йилнинг ўтган даврида эса 5 миллион долларлик ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Ушбу маҳсулотларнинг асосий харидори Хитой, Россия, Туркия, Покистон, Миср каби давлатлар ҳисобланади.
Лойиҳа қиймати 100 миллион доллар бўлган мазкур корхонанинг биринчи босқич ишлари якунига етиб, унда ярим тайёр ип-калава маҳсулотлари ишлаб чиқарилаётган бўлса, иккинчи босқич ишлари ниҳоясига етказилгач корхонада ишлаб чиқарилаётган, экспортга йўналтирилаётган ярим тайёр маҳсулотлар шу ернинг ўзида қайта ишланиб, трикотаж маҳсулотларига айлантирилади. Бу эса, ўз ўрнида валюта тушумининг кўпайишига, вилоятнинг экспорт салоҳияти ортишига хизмат қилади.
[gallery-19516]
Аралаш калава ва трикотаж ишлаб чиқариш лойиҳасининг биринчи босқич ишларига “Ўзмиллийбанк” АЖ нинг Сирдарё вилояти бош бошқармаси Гулистон амалиёт банкининг 40 миллион долларга яқин пул маблағи йўналтирилиб, 500 та иш ўрни яратилган бўлса, иккинчи босқич ишларига мазкур банкнинг 35 миллион доллар миқдоридаги кредит маблағи йўналтирилиб, қўшимча 600 та иш ўрни яратилади.
Бу борадаги ишлар эса аллақачон бошлаб юборилган. Айни вақтда иккинчи босқич жараёнида ишга тушиши кутилаётган тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш цехи биносида қурилиш ишлари олиб борилаётган бўлса, унга олиб келиб ўрнатилиши лозим бўлган мато тўқиш, бўяш линияларини сотиб олиш учун банк ва корхона таъсисчилари ўртасида музокара олиб бориляпти.
–Ярим тайёр маҳсулотдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш нафақат корхонада ишлаётган ишчи -хизматчилар, пахта хомашёсини етказиб бераётган фермер ва агрокластерлар учун ҳам катта янгилик бўлади,– дейди "Mili teks Sirdaryo" масъулияти чекланган жамият ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Алишер Тоиров. –Сирдарёда етиштирилган пахта хомашёси ярим тайёр холда эмас, тайёр ҳолда хорижга йўл олади. Бу эса, ҳозиргига қараганда корхона экспорт салоҳиятини бир- бир ярим баробар ошириш имконини беради. Энг асосийси, валюта тушуми кўпайиб, шунга яраша ишчиларнинг иш ҳақи хам ошади.
Мазкур корхонада иш уч сменада ташкил этилган бўлиб, ишчиларнинг ишга келиб-кетиши учун махсус автобус қатнови йўлга қўйилган. Бепул иссиқ овқат, ишчиларнинг дам олиши учун шарт-шароит яратилган.
– Бунинг учун, энг аввало, Президентимизга раҳмат, биз фуқароларнинг ҳаётини ҳар томонлама ўйлаб шундай шарт-шароит яратиб бергани учун,–дейди ип йигирув цехи оператори Наргиза Мингбоева. –Ушбу корхона очилмасдан олдин рўзғор тебратиш, оиламизнинг бюджетига қўшимча даромад киритиш мақсадида пахта чопиқ, чеканка, терим ва бошқа мавсумий ишларни бажарган бўлсам, ҳозир тоза ва озода жойда тўқимачилик дастгоҳини бошқаряпман.
Манфаатдорлик бор жойда иш олдинга кетади. Буни тўғри англаган корхона раҳбарияти ишчи -хизматчиларни ҳар байрамда қўшимча рағбатлантириб, юртимизнинг гўзал гўшаларига саёҳатлар ҳам ташкил этмоқда.
Шу боисдан ишчи -хизматчилар ҳам ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатига алоҳида аҳамият бермоқда. Бу эса, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг харидорбоплигини оширишга, экспорт салоҳиятининг кенгайишига замин бўляпти.
Ғулом Примов, Шаҳриёр Ортиқбоев(сурат), ЎзА мухбирлари