Хомашё ҳам, маҳсулот ҳам ўзимизники
Бухоро вилояти Когон туманида фаолият юритаётган “Bukhara Gold Granit” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги корхона маҳсулотлари юқори сифатлилиги ва дизайни билан харидорларга манзур бўлмоқда.
– Кичик бизнес субъектимиз йирик ва кўптармоқли “Бухоро Агрокластер” таъсисчилигида шўъба корхона сифатида ташкил этилган, –дейди “Bukhara Gold Granit” МЧЖ директори ўринбосари Нодирбек Қиличев. – Унинг бино ва иншоотлари қурилишига таъсисчи 8,9 миллиард сўм маблағ йўналтирди. Цехлар “Ўзсаноатқурилишбанк” нинг вилоят филиали томонидан беш йил муддатга ажратилган 2,2 миллион доллар кредит ҳисобига тежамкор технологиялар билан жиҳозланди. Сўнгги авлод технологик ускуналарида тайёрланаётган маҳсулотларимиз рақобатбардошлиги билан ажралиб туради.
Корхонада уч хил – қорамтир, кўкимтир ва сарғиш тусли гранит тошлар ишлаб чиқарилмоқда. Бу маҳсулотлар асосан ижтимоий муассасалар, меҳмонхона, вокзал ҳамда бекатлар биноларининг ичкари қисми фойеларида ишлатилади. Кейинги икки ой мобайнида 13 миллиард сўмлик гранит тошлар ишлаб чиқарилди. Маҳсулотларга талаб юқори бўлиб, уларнинг ярмидан кўпроғи Тошкент шаҳрига, қолган қисми вилоят ички қурилиш бозорига жўнатиляпти.

Дарвоқе, цехларнинг барқарор ишлаши кўп жиҳатдан хом ашёга ҳам боғлиқ. Корхона керакли гранит тошларни Бухоро вилояти Пешку туманидаги Жонгелди, шунингдек, Ғозғон конининг ўзига тегишли карьерларидан қазиб олмоқда.
Корхона йилига 100 минг квадрат метр маҳсулот ишлаб чиқариш салоҳиятига эга. Ҳозирги пайтда бу ерда лойиҳа қувватини ўзлаштириш даражаси ошиб, 76 фоизни ташкил этмоқда. Белгиланган юқори маррага чиқиш эса ишчи мутахассислардан замонавий технологияларни бошқариш кўникмаси ва малакани талаб қиляпти. Бу ерда иш олиб бораётган туркиялик бир гуруҳ тажрибали ходимлар билан ҳамкорлик қилинаётгани яқин ойларда ўз самарасини беради.
Айни пайтда корхона цехларида 20, масъулияти чекланган жамиятга тегишли карьерларда 40 киши меҳнат қиляпти. Улар сони янада ошиши кутилаётир. Гап шундаки, корхона бизнес режасида мармар ва оҳактош ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳам кўзда тутилган. Яна бир муҳим жиҳат. Ҳар қандай корхонанинг ривожланиш истиқболи унинг экспорт салоҳиятига ҳам боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, “Bukhara Gold Granit” МЧЖнинг изланишлари эътиборли. Корхона мутасаддиларининг таъкидлашича, маҳсулот экспорти бўйича қозоғистонлик шериклар билан келишувларга эришилган. Қўшни мамлакатда савдо уйи очиш ҳам кўзда тутилмоқда.
Эркин Ёдгоров, ЎзА