Хом ашёдан тайёр маҳсулотгача
Фарғона вилоятида илғор технологияларни жорий этиб, тўқимачилик тармоғида ўз брендига эга корхоналар сони тобора ортиб бормоқда. Фарғона шаҳридаги «Feyxan-teks» масъулияти чекланган жамиятида пахта хом ашёси чуқур қайта ишланиб, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
Бу ерда 2019 йилда жаҳон стандарти талабларига жавоб бера оладиган калава иплари ва нотўқима материаллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган, замонавий дастгоҳлар билан жиҳозланган йигирув цехи ишга туширилган. Цех бир кеча-кундузда 10 тонна сифатли ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга. Германиядан олиб келинган дастгоҳларда ёшлар шижоат билан меҳнат қилмоқда.

— Ишга кирганимга икки ярим йил бўлди, – дейди электр таъмирловчи Сардор Ғаниев. – Бу ерда меҳнат қилишимиз, дам олишимиз учун шароитлар яратилган. Маошимиз қониқарли. Келиб-кетишга транспорт ажратилган, иссиқ овқат, махсус кийим билан таъминланганмиз.
Жамоа аъзолари асосан ёшлардан иборат эканлиги, уларнинг сидқидилдан меҳнат қилишаётгани хурсанд қилади кишини.

– Шу кунгача 160 дан ортиқ иш ўрни яратишга эришдик, – дейди жамият менежери Азамат Усмонов. – Фаолиятимизни янада кенгайтириш, корхона салоҳиятини ошириш устида мунтазам изланяпмиз. Бозор талабларини ўрганиб, истиқболли лойиҳаларни жорий этишни режалаштирганмиз. Корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ички бозордан ташқари чет давлатларга экспорт қилинаётгани эътиборга молик. Пандемия сабабли ўтган йилда кўзланган натижаларга эришилмаган бўлса-да, бу йилги кўрсаткичлар ёмон эмас. Мисол учун, 2020 йилда Россияга 13 миллион рубль, Хитойга 641 минг АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида Россияга 12 миллион рублга яқин, Хитойга эса 1,5 миллион АҚШ долларилик экспорт амалга оширилди.
Жамиятда хизмат кўрсатиш турларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади. Аҳолига сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш мақсадида Туркия технологиясига асосланган 400 минг бош товуқ боқишга мўлжалланган паррандачилик фермаси ташкил қилинди. Бир кеча-кундузда 150 минг дона тухум олинмоқда.

Фурқат туманида кластер ташкил этилиб, пахта етиштиришда ҳам юқори кўрсаткичларга эришилмоқда. «Feyxan-klaster» масъулияти чекланган жамияти томонидан етиштирилган пахта ҳосилини қайта ишлаш натижасида саноат маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш режалаштирилган.
– Туманда 1 минг 200 гектар пахта майдонини томчилатиб суғориш бўйича иш олиб бормоқдамиз, – дейди жамият раҳбари Лариса Логинова. – Тежамкор технология ва услубларни ҳаётга татбиқ қилиш кўп жиҳатдан фойдали. Албатта, иш бор жойда муаммо ҳам бўлади. Фермерларга тўғри тушунтириш, аниқ ҳисоб-китоблар асосида янги технологияни жорий этиш керак.
Тўқимачилик корхоналари ўртасида ўз ўрни ва мавқеига эга «Feyxan-teks» масъулияти чекланган жамиятининг аҳил жамоаси бугунги кўрсаткичларни эътироф этган ҳолда, келгуси режалар, янги ғоялар устида иш олиб бормоқда. Зеро, ташаббус, интилиш бор жойда ривожланиш бўлиши табиий.
М. Сулаймонов, ЎзА