Хоккей: “Ҳумо” жамоасида навбатдаги ғалаба
Кеча пойтахтимиздаги “Ҳумо Арена” муз саройида Тошкентнинг "Ҳумо" хоккей клуби Қозоғистон очиқ чемпионати доирасида учинчи тур учрашувида Караганда шаҳрининг "Сариарка" жамоаси билан куч синашди.
2023/2024 йилги хоккей мавсумининг Тошкентда ўтказилган мазкур илк ўйинида пойтахтимиз хоккейчилари ишончли ғалабага эришди. Шиддатли кечган баҳс якунида "Сариарка"ни 3:0 ҳисобида мағлуб этди ва очколари сонини 6 тага етказиб олди.

Ортда қолган 3-тур сарҳисобига кўра, “Ҳумо” 6 очко билан пешқадамлик қилаётган бўлса, кейинги ўринда бораётган “Актобе” жамоаси 4 очкога эга бўлиб турибди. Улардан кейинги поғоналардан жой олган "Сариарка”, “Алмати”, “ТорпедоУК” жамоалари 3 очко жамғарган.
Бугун, 14 сентябрь кечқурун "Ҳумо Арена"да хоккей жамоамизнинг "Сариарка"га қарши иккинчи ўйини бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, "Ҳумо" жамоаси Қозоғистон очиқ чемпионатининг дастлабки 9-10 сентябрь кунлари ўтказилган иккита турида Қозоғистоннинг "Номад" жамоасини 0:1 ва 0:2 ҳисобларида мағлуб этган эди.
Т.Рўзиев,
ЎзА