Бир мурожаат изидан
Андижон вилояти Бўстон туманидаги “Элдорбек келажаги” фермер хўжалиги раҳбари Х.Расуловa Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига Ўзбекистон Республикаси Олий суди маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 17 мартдаги Бўстон тумани ҳокимининг 2019 йил 11 ноябрдаги 2398- сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги қарори ижроси таъминланмай, фермер хўжалигига тегишли олиб қўйилган ер майдони қайтариб берилмаётгани юзасидан ариза билан мурожаат қилган эди.
ЎзА мухбирлари мазкур мурожаат юзасидан Бўстон туманида бўлиб масалага ойдинлик киритди.
Аслида воқеа қандай бўлган ёхуд гап нимада?
Бўстон туманининг Навоий массивидаги "Элдорбек келажаги" фермер хўжалиги 2009 йилда Холисхон Расулова томонидан ташкил этилган. Хўжалик деҳқонлари дастлаб 58,4 гектар майдонда деҳқончилик қилган бўлса, туман ҳокимининг 2019 йил 28 январдаги 151- сонли қарори билан яна 53,1 гектар ер қўшиб берилиб, хўжаликнинг умумий ер майдони 111,5 гектарга етган.
Хўжалик пахта ва ғалла етиштириш бўйича қайсидир йили белгиланган режани бажарди, қайсидир йили эса бажара олмади. Лекин бирор йилни зарар билан якунлаб, давлатдан қарздор бўлиб қолгани йўқ.
Туман ҳокимининг фермер хўжалигига ер майдонлари ажратиб бериш тўғрисидаги тегишли қарорлари, шунингдек, фермер хўжалиги ва туман ҳокими ўртасида 2009 йил 20 июлдаги 51 гектар, 2019 йил 22 июлдаги 111,5 гектар ер майдонини узоқ муддатга ижарага олиш тўғрисида тузилган шартномалар бекор қилинмаган ҳолида собиқ туман ҳокимининг 2019 йил 11 ноябрдаги 2398-қ сонли қарори билан фермер хўжалиги фойдаланиб келаётган ер майдони туман захирасига олинган. Энг асосийси, бу ҳақда фермер ҳатто огоҳлантирилмаган ҳам. Кейинроқ эса мазкур ер майдони туман ҳокимининг қарори билан “Сайёра фаввораси” хусусий кластер корхонасига бириктириб берилган.
Аслида хўжалик раҳбари Холисхон Расулова фермерлик фаолиятини 2004 йилда бошлаган. У Андижон пахтачилик институти (ҳозирги қишлоқ хўжалиги институти)нинг агрономия факультетини тамомлаган, узоқ йиллар пахтачилик бригадасида бригадир, пиллачилик бўйича агроном вазифаларида ишлаб, деҳқончиликда суяги қотган.
Холисхон Расулова 2017 йилда пенсия ёшига етганлиги сабабли хўжалик раҳбарлигини қизига топширган бўлсада, деҳқончилик билан боғлиқ барча ишларни ўзи бошқариб келаётгани, қолаверса, фермер хўжалигининг ўзида трактор ва бошқа техникалар мавжудлиги ишларни самарали олиб боришга имкон бераётганини таъкидлади.
Фермер ер майдонининг олиб қўйилгани, юзага келган муаммонинг қонуний ҳал этилишига ёрдам кўрсатилишини сўраб, туман адлия бўлимига мурожаат қилади. Адлия бўлими масалани ўрганиб чиқиб, фермер хўжалигининг манфаатини кўзлаб, туман ҳокимининг 2019 йил 11 ноябрдаги фермер хўжалиги фойдаланиб келаётган ер майдонини туман захирасига олиш тўғрисидаги 2398- сонли қарорини бекор қилиш юзасидан Бўстон туман маъмурий судига ариза билан мурожаат қилган. Суд ушбу талабни қаноатлантирмаган. Шундан сўнг ушбу иш апелляция инстанцияси тартибида Андижон вилояти маъмурий судида кўрилди. Вилоят судида ҳам туман судининг қарори ўзгаришсиз қолдирилди.
Туман, вилоят маъмурий судлари қарорларидан норози бўлган фермер Ўзбекистон Республикаси Олий суди маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига мурожаат қилган.
[gallery-2016]
Бўстон тумани адлия бўлимининг “Элдорбек келажаги” фермер хўжалигининг манфаатини кўзлаб, Бўстон тумани собиқ ҳокимининг 2019 йил 11 ноябрдаги 2398- сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги талаби жорий йил 17 март куни Олий суд маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида судья З.Қурбонова раислигида кассация шикояти тартибида кўриб чиқилиб, туман ҳокимининг юқоридаги қарори ҳақиқий эмас, деб топилди.
Олий суд маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати қарори чиққанига қарийб бир ойга яқин вақт ўтган бўлса-да, фермер ўз ерини қайтариб ололмаган. Чунки, ушбу ер “Сайёра фаввораси” хусусий кластер корхонасига бириктириб берилган. Корхона эса ерни қайтариб беришга шошилмаяпти.
– Ерни қайтармаслик учун асосимиз бор, – дейди “Сайёра фаввораси” хусусий корхонаси раҳбари ўринбосари Рустамжон Хотамов.
– Чунки қўлимизда фермер хўжалиги ерини корхонамизга бириктириб бериш тўғрисидаги туман ҳокимининг қарори мавжуд. Қолаверса, ана шу ернинг маълум қисмида анчагина ишлар қилинди. Бундан ташқари, ўтган йили фермер хўжалигининг 72,5 миллион сўм қарзини тўлаб берганмиз.
Умуман олганда, Олий суд қарори билан туман ҳокимининг мазкур ерни туман захирасига қайтариш тўғрисидаги қарори ҳақиқий эмас, деб топилган бўлса, массивдаги ер майдонларини кластер корхонасига бириктириб бериш тўғрисидаги қарорининг тегишли банди ҳам эҳтимол ўз кучини йўқотар ёки қарорга тегишли ўзгартириш киритилар. Туман ҳокимлиги бу масалани албатта, қонун доирасида тегишли тартибда ҳал этиши керак.
Корхона томонидан фермер хўжалигининг қарзи тўлаб берилганлиги масаласи суриштирилганда фермер хўжалиги раҳбари Х.Расулова “Тўғри, кластер корхона томонидан 13.05.2020 йилда хўжалигимизга 72,5 миллион сўм миқдорида маблағ ўтказилган. Бироқ бу маблағ қарзимиз учун эмас, балки бутун мамлакатимизда жорий этилган тартиб доирасида, яъни 2019 йилнинг кузида ғалла етиштириш бўйича хўжалигимизга ажратилган имтиёзли кредитни қоплаш учун ўтказиб берилган”, деган изоҳни берди:
Чунки, 2019 йил келгуси йил ғалласини етиштириш учун хўжалигимиз давлатдан имтиёзли кредит олган. Хўжалигимиз фойдаланиб келаётган ер кластер корхонасига бириктирилгунга қадар, яъни кузнинг дастлабки ойларида ушбу маблағ ҳисобидан 45 гектар майдон текисланган, уруғ сепилган ва бошқа зарур ишлар бажарилган. Ер кластерга ўтгач, ўша майдондаги ҳосил кластер томонидан йиғиштириб олинган. Ҳосилни ким йиғиштириб олса, албатта, берилган кредитни ҳам қоплаб бериши лозим. Шу боис ҳам кластер ғалладан олинган даромад ҳисобидан имтиёзли кредитни қоплаш учун пул ўтказиб берган.
Суд қарори ижроси бажарилмаётганлиги юзасидан Бўстон туман ҳокимлигининг муносабатини билиш учун туман ҳокимига мурожаат қилдик.
– Мамлакатимизда қонун барча учун баробар, – дейди туман ҳокими Садбархон Мамитова.
– Президентимиз раҳбарлигида қонун устуворлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётган бугунги кунда ҳеч кимнинг қонуний манфаатлари бузилишига йўл қўйилмайди. Айниқса, юртимиз равнақи йўлида иш олиб бораётган тадбиркор ва фермерларимиз манфаатлари ҳамиша қонун ҳимоясида. Собиқ туман ҳокимининг қарори билан юзага келган ҳолат очиғи, мени анча ташвишга солган эди. Ниҳоят, фермер хўжалиги ери билан боғлиқ низоли ҳолатга суд ойдинлик киритди. Ҳокимлик мутахассислари томонидан суд қарори асосида туман захирасига олиниб, кластер корхонага бириктирилган ерни фермер хўжалигига қайтариш тўғрисида қарор тайёрланган. Фақат ҳокимлик юристи бетоб бўлиб ишга келмаётгани, қарор ҳуқуқий жиҳатдан тўғри ва қонунийлиги текширилмаганлиги боис имзоланмай турган эди. Бу бўйича имкон қадар қисқа муддатда тегишли қарор чиқарилиб, мутасаддилар томонидан унинг ижроси таъминланади.
Шу куни кечга яқин, "Элдорбек келажаги" фермер хўжалиги раҳбари Х.Расулова бизга қўнғироқ қилди. Собиқ туман ҳокимининг 2019 йил 11 ноябрдаги 2398- сонли қарори ҳақиқий эмас, деб топилганлиги ҳамда туман ҳокимининг 2020 йил 13 февралдаги Навоий массивидаги ерларни кластер корхонага бириктириб бериш тўғрисидаги 69- сонли қарорнинг тегишли бандига ўзгартириш киритилиб, фермер хўжалигининг туман захирасига олинган ер майдонини қайтариб бериш бўйича 13.04.2021 йил санаси билан туман ҳокимининг қарори чиқарилиб, тақдим этилганлигини айтди.
– Муаммога чек қўйилди, – дейди фермер.
– Насиб этса, энди фаолиятимизни яна давом эттирамиз, юртимиз равнақи, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш учун астойдил меҳнат қиламиз. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига миннатдорлик билдираман. Қонун доирасида бизнинг ҳуқуқ ва манфаатларимизни ҳамиша ҳимоя қилди, зарур барча ёрдамни кўрсатди.
Ишонамизки, туманда чигит экиш ишлари якунланаётган шу кунларда фермер хўжалиги ва кластер корхона ўртасидаги ер муаммосига чек қўйилади. Суд қарори асосида чиқарилган туман ҳокимининг қарори билан қонун устуворлиги албатта таъминланади.
Фақат бир ҳолат кишини ўйлантиради. Ўйланмай босилган қадам ёки нотўғри қабул қилинган қарор инсонларнинг вақтини ҳам нақдини ҳам олди. Аслида бу каби югур-югур бўлмаслиги ҳаммумкин эдику.
Фахриддин Убайдуллаев, Зухриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА