![](https://cdn.uza.uz/2021/03/17/14/03/nkcCL10z9iA80MWlpncdnPon7VJKx6HV_normal.jpg)
Маҳаллий ҳокимликлар, кадастр органлари ва бошқа идоралар билан амалиётда юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш, судларга келиб тушаётган шикоят ва аризаларни камайтириш ва олдини олиш борасида Фарғона вилояти маъмурий судлари томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Риштон туманида бўлиб ўтган семинар-тренинг бу борадаги устувор вазифаларга бағишланиб, унда вилоят ва туманлараро маъмурий суди раислари, судьялари, вилоят судларининг судлов ҳайъатлари раислари, вилоят ва туман-шаҳар ҳокимликлари, вилоят адлия бошқармаси, Кадастр агентлиги Кадастрлар палатаси вилоят, туман (шаҳар) филиаллари, қурилиш ва архитектура бўлимлари вакиллари иштирок этди.
![](https://cdn.uza.uz/2021/03/17/14/03/WXvMbSmE8wphqs2KZUhM7dr1BPNOXNhS_front.jpg)
Унда маъмурий судлар томонидан кўриладиган оммавий-ҳуқуқий муносабатларга оид низолар, хусусан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, солиқ, божхона, кадастр идораларининг, давлат ижрочисининг мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш, қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш бўйича ишлар юзасидан вилоят маъмурий суди томонидан тайёрланган услубий қўлланмалар семинар иштирокчиларига тарқатилиб, ўзаро фикр алмашилди.
–Давлатимиз раҳбари 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида таъкидлаганидек, охирги икки йилда ҳокимларнинг 2,5 мингга яқин қарори судлар томонидан бекор қилингани, бундан буён уларнинг қарор қабул қилишида очиқликни таъминлаш зарурлигини тақозо этмоқда, – дейди вилоят маъмурий судининг раиси Дониёрхўжа Маҳаматов.
![](https://cdn.uza.uz/2021/03/17/14/03/djZqJNwA1pJnsx8LDbuSuYx3tcRBfThe_front.jpg)
– Шу сабабли, ҳокимлар томонидан қабул қилинаётган қарорлар қонунга асосланган ҳолда қабул қилиниши бугунги кунда долзарб аҳамиятга эга. Бу жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг бузилиши, улар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида турли идораларда сарсон бўлишларини, судларга шикоят ва аризаларнинг келиб тушишини олдини олишга хизмат қилади.
2020 йилда вилоятдаги маъмурий судлар томонидан 174 та ҳокимларнинг қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган.
![](https://cdn.uza.uz/2021/03/17/14/03/qK0dwNbZdpjPUSyd59756ExDtdFaCtl5_front.jpg)
М. Сулаймонов, ЎзА