Ҳокимларнинг аҳолига мурожаати давом этмоқда
Халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгашининг VI чақириқ 38-сессиясида Шаҳрисабз тумани ҳокими Абдусамад Ҳасанов 2021 йил якунлари ва 2022 йилда амалга ошириладиган ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш лойиҳалари юзасидан аҳолига мурожаат қилди.
Таъкидландики, 2021 йилда туман ҳудудини ижтимоий-иктисодий ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилган. Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг ташрифлари давомида Шаҳрисабз туманида 2021-2022 йилларда умумий қиймати 162 миллиард 42 миллион сўмни ташкил этадиган 42 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, натижасида 351 та янги иш ўринлари яратилиши белгилаб берилган. Жорий 2021 йилда 80 миллиард 794 миллион сўмлик 35 та лойиҳа амалга оширилган. 137 та янги иш ўрни яратилган.
Мурожаатда таъкиланишича, жорий йил декабрь ҳолатига 19 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, белгиланган режа бир неча баравар ортиғи билан бажарилган. Мисол учун, "NEW KESH TRANSPORT" МЧЖ томонидан 130 минг, "KEYFI GROUP" хорижий корхонаси томонидан 400 минг, "Sardor Trans yo'l qurilish" XK томонидан 210 минг, OQSAROY TEKSTIL” МЧЖ томонидан 18 миллион АҚШ долларлик хорижий инвестициялар жалб этилди.
[gallery-5143]
Туризм йўналишидаги лойиҳалар ҳам туман иқтисодиётида муҳим ўрин тутади. Тумандаги “Мираки”, “Амир Темур”, “Ғелон”, “Кўл” ва “Сайёд” маҳалла фуқаролар йиғинлари тоғ ён бағрида жойлашган бўлиб, экотуризмни ривожлантириш учун жуда қулай ва мос ҳудуд ҳисобланади. Мазкур ҳудудларга йилига ўртача 500 мингга яқин ички сайёҳлар ташриф буюради. Афсуски, ҳудудда хизмат сифатининг ўта пастлиги ва “Уй меҳмонхона”ларининг етишмаслиги ташриф буюрувчилар сони ошмаслигининг асосий омили ҳисобланади.
Ушбу ҳудудларда 2021 йилга қадар бор-йўғи 4 та оилавий меҳмон уйлари расмий фаолият кўрсатганлиги ҳам бунга яққол мисолдир. 2021 йилнинг ўзида мазкур қишлоқларда 128 та оилавий меҳмон уйлари рўйхатдан ўтказилиб, фаолияти йўлга қўйилди. Бунинг учун тадбиркорларнинг ўз маблағлари ва имтиёзли банк кредитлари ҳисобидан 13 миллиард сўм маблағ сарфланди. Натижада 128 та оилада яшовчи 260 та оила аъзолари иш билан таъминланди ва бир вақтнинг ўзида қўшимча 1300 нафар, йилига эса 234 минг нафар сайёҳга хизмат кўрсатиш имконияти пайдо бўлди.
Масалан, “Мираки” МФЙ, Навоий кўчасида яшовчи фуқаро Турдиев Ҳикмат ўзига тегишли уйида 500 миллион сўм маблағ сарфлаб, 20 ўринли замонавий оилавий меҳмон уйи ташкил этди. Авваллари фуқаро бир сайёҳ учун кунига 15-20 минг сўмлик хизмат кўрсатган бўлса, хизмат сифатини яхшилаши орқали бир сайёҳ учун кунига 60-70 минг сўмлик хизмат кўрсатишга эришди. Оилавий меҳмон уйида йилига ўртача 3600 нафар сайёҳга хизмат кўрсатади. Тадбиркор томонидан авваллари йилига ўртача 70 миллион сўмлик хизмат кўрсатилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 250 миллион сўмни ташкил этди. Натижада тадбиркорнинг йиллик даромади 180 миллион сўмга ёки 3,5 баробарга ошди.
– Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган селекторда ҳам туманимизда туризмни ривожлантириш учун 65 километр йўлни таъмирлаб, интернет ва мобил алоқа муаммоларини ҳал этиш учун 60 миллард сўм маблағ ажратишни белгилаб берганликларини Сиз депутатларга маълумот учун айтиб ўтмоқчиман, – деди туман ҳокими А.Ҳасанов. – Бугунги кунда умумий узунлиги 65 километр Шаҳрисабз шаҳардан Мираки, Ҳисор, Ғелон, Кўл, Аммоғон, Сарчашма маҳаллалари йўлларини асфальтлаштириш ва қум-шағал ётқизиш учун лойиҳа ишлари бошлаб юборилди. 2022 йилда ушбу қишлоқларда яна 237 та оилавий меҳмон уйлари ташкил этилиб, оилавий меҳмон уйлари сони 365 тага етказилади.
Шунингдек, мазкур ҳудудларда 2022 йилда тадбиркорларнинг ўз маблағлари ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг имтиёзли кредитлари ҳисобидан 114 миллиард сўмлик (шундан 72 миллиар сўми банк кредити) 11 та экотуризм лойиҳалари амалга оширилади. Натижада ушбу ҳудудларга йиллик ташриф буюрувчи сайёҳлар сони 500 мингдан 1 миллионтага етказилади, аҳоли даромадлари 17 миллиард сўмга, бюджетга тушумлар эса 3,1 миллиард сўмга оширилади ва 904 та янги иш ўрни яратилади.
Туманнинг “Ҳисорак”, “Сайёд”,“Ғелон” ва “Сарчашма” маҳаллаларидаги 3200 гектар лалми ер майдонларида картошкачиликни ташкил этиш бўйича бош пудратчи “Ўзгидротехник” МЧЖ томонидан ҳисоб-китоб қилиниб, лойиҳа қиймати – 60 миллиард сўмни ташкил этди. Мазкур лойиҳа доирасида ҳудуддаги Тамшуш дюкерини 6,5 километр қисми таъмирланиб, 20,2 километр масофага сув қувурлари ўрнатилади.
Бугунги кунга қадар лойиҳа бўйича республика бюджетидан 34 миллиард сўм маблағ ажратилди. 9 километр масофага қувурлар ўтказиш учун котлован қазилиб, 2 километр масофага полиэтилен, 2,5 километр масофага темир қувурлар ётқизилди. Мазкур лойиҳа тўлиқ ишга туширилгандан сўнг вилоят аҳолисининг картошкага бўлган 173 минг тонна йиллик талабидан келиб чиқиб, ушбу маҳсулотдан 96 минг тоннаси туманда етиштирилган картошка ҳисобидан таъминланади, 3200 дан ортиқ иш ўринлари яратилиб, натижада тоғли ҳудудда яшовчи аҳоли ўзини ўзи бандлигини таъминланишига эришилади.
Аҳоли хонадонларида форель балиғи етиштириш бўйича тумандаги “Хитой” ва “Тошбулоқ” маҳаллалари танлаб олинди. Хонадон эгалари билан бирма-бир суҳбат олиб борган ҳолда хонадонларида сунъий ҳавзалар ташкил этиш ташаббусини билдирган 63 нафар фуқарога жорий йил давомида 1 миллиард 883 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи берилди. Бундан ташқари, Ипотека банкки томонидан ҳудудда 3 та 4 миллиард сўмлик форелчилик лойиҳаси ишга туширилиб, 10 та янги иш ўрни яратилди.
Жами ҳудуд бўйича 147 та сунъий ҳавзалар ташкил этилиб, 80 дан ортиқ фуқаролар хонадонларида бандлиги таъминланди. Ҳозирги кунда ушбу фаолият билан шуғулланаётган битта хонадон ўртача 6,7 миллион сўм даромад кўрмоқда. Шунингдек, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси томонидан “Камар дориворлари” МЧЖга 180 минг дона балиқ тухумини очириш сиғимига эга бўлган 3 та термос олиб келинди. Бу эса, туманда форелчилик ташкил этган аҳолига балиқ чавоқларини арзон ва сифатли тарзда етказиб бериш имконини берди.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА