Туман ва шаҳарлар ҳокимларидан иборат делегация Германия Федератив Республикасида малака ошириб қайтди.
Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги муносабатлар йилдан йилга ривожланмоқда. Буни мамлакатимизда Германия сармояси иштирокида 200 дан зиёд корхоналар фаолият юритаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Уларнинг 77 таси юз фоиз немис капитали ҳисобига ташкил этилган. Ўзбекистон миллий банки Германиянинг 57 та банки билан алоқа ўрнатган. Тошкент шаҳрида “Deutsche-bank”, “Commerzbank”, “Landesbank Baden-Württemberg” каби банкларнинг ваколатхоналари очилган.
Икки давлат ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ҳам кейинги йилларда сезиларли даражада ошмоқда. “MAN”, “Tyssenkrupp”, “BASF”, “Bosch”, “Knauf” ва “Claas” каби йирик компаниялар фаолият юритмоқда. Германия Ўзбекистоннинг импорт ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Юртимиз экспорт маҳсулотлари бозорида Олмония энг юқори 18-ўринни эгаллайди.
Германия Федератив Республикасига вақти-вақти билан Ўзбекистон давлат хизматчиларининг малакасини ошириш, тажриба алмашиш мақсадида ўқув сафарлари ташкил этилмоқда. Навбатдаги ана шундай тадбир Ханнс Зайдель жамғармаси, Германия Халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамкорлигида туман ва шаҳар ҳокимлари учун Бавария Федерал ерига ташкил этилди.
[gallery-18201]
Сафардан мақсад Германия давлат фуқаролик хизмати, жумладан, маҳаллий давлат бошқаруви тизими билан яқиндан танишишдир. Жорий йилнинг 30 июнидан 7 июль кунига қадар давом этган сафарда Бавариянинг турли даражадаги маҳаллий бошқарув органларида тадбирлар ўтказилди.
Маълумки, Бавариянинг маҳаллий бошқарув тизимида энг кичик бўғин гемайнде ҳисобланади. Мамлакатимиз муқобилида гемайнде бизнинг маҳаллага тўғри келади, қамрови эса бироз йирикроқ. Ушбу немис маҳаллаларининг ҳар бирида ўз бошқарув аппарати, бюджети ва бошқа ресурслари мавжуд. Маҳалладаги ташкилотлар томонидан тўланган солиқлар ва маҳаллий йиғимлар ҳисобига “маҳалла бюджети” шаклланади.
Гемайнде ўз ҳудудида турли масалалар, хусусан, инфраструктура, инвестицион муҳит, ёшлар сиёсати ва ёрдамга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлаш каби турли соҳаларга масъул ҳисобланади. Ўз ресурслари, туман ҳамда вилоят томонидан ажратилган мақсадли ажратмалар ҳисобидан маҳаллий ижтимоий лойиҳаларни амалга оширади. Аҳоли муаммолари жойида – маҳаллани ўзида ҳал қилинади.
Таъкидлаш керак, ҳар бир ташаббус, ижтимоий объект қурилиши ёки тадбирлар маҳалла аҳолисининг бевосита ихтиёрий иштироки, яъни волонтёрлик асосида бажарилади. Волонтёрлик немис халқи учун шарафли фаолият ҳисобланиб, эвазига ҳеч қандай молиявий рағбатлантиришни талаб этмайди.
Мамлакатимиз вакиллари Бавариянинг турли даражадаги маҳаллий бошқаруви, жумладан, аҳолининг ўзини ўзи бошқариш тизимини ўрганишга алоҳида эътибор қаратди. Германия ва Ўзбекистон маҳаллий бошқарув тизими, инвестицияларни жалб қилиш, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, коммуникация ва қурилиш соҳаларида ўзаро тажриба алмашилди.
Делегация аъзолари иштирокидаги учрашувларда коммунал масалалар, ички хавфсизлик ва спорт, ўзини-ўзи бошқариш соҳасида ҳамкорлик бўйича музокаралар ўтказилди. Ўз ўрнида делегация вакиллари томонидан юртимизнинг маҳаллий бошқарув тизими ва бу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, “маҳалла еттилиги” тизими тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Камола ЮСУПОВА,
ЎзА