Ҳокимлар “Бағдод тажрибаси”ни ўрганмоқда
Фарғона вилоятининг Бағдод туманида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 92 миллиард сўмлик ишларни амалга ошириш режалаштирилган.
Бугунги кунда тошлоқ, ташландиқ жойда 50 та 5 қаватли уй-жойлар қурилмоқда. Президентимизнинг топшириғи асосида мамлакатимизнинг барча вилоятларидаги шаҳар-туман ҳокимлари бу ерда бўлиб, уй-жой қурилиш бўйича тажрибани ўрганмоқда.
Тошкент вилояти шаҳар ва туманлари ҳокимларидан иборат делегация Гулистон йўлдош шаҳарчасида давом этаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Дарҳақиқат, бугун мазкур ҳудуд улкан қурилиш майдонига айланган: уста-қурувчиларнинг қўли-қўлига тегмаяпти, юк кўтариш техникалари дам-бадам осмонга ниқталайди, биров ғишт терган, биров лой ташиган, бошқаси бетон ишлари билан банд. Қурилиши белгиланган 50 та кўп қаватли уйлар секин-аста қад ростламоқда.

Шунингдек, “Мурувват” маҳалла фуқаролар йиғини таркибидаги Гулистон қишлоғида “Обод қишлоқ” Давлат дастури доирасида тизимли ишлар бошланган. Ички йўлларни тартибга келтириш, аҳоли хонадонларини таъмирлаш, коммуникация тармоқларини тортиш ва кенг кўламли ободонлаштириш ишлари қизғин давом этаётир. Туман электр тармоқлари корхонаси ходимлари 2,7 километр масофада янги тармоқ тортиш ва 1 та трансформатор пункти ўрнатиш бўйича иш олиб бормоқда.
– Усталар ҳар битта ғиштни меҳр билан тераётганига эътибор қаратдим, – дейди Тошкент вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Шуҳратжон Ҳакимов. – Айтиш мумкинки, бу уйлар аҳоли розилиги учун, улар турмушини янада фаровонлаштириш учун қурилмоқда. Президентимиз бежиз “Бағдод тажрибаси”ни ўрганишни барчамизга тавсия этмади. Бу ерда, энг аввало, табиий иқлим шароити ва коммуникатив тармоқларнинг ўзаро мужассамлиги эътиборимни тортди. Қолаверса, бунда уй-жой қураётган қурилиш ташкилотларининг аксари ўз ишлаб чиқариш линияларига эга экан. Ана шу жиҳатлар уйлар нархининг сезиларли даражада арзонлигига сабаб бўлган, деб ўйлайман. Жорий йилда Тошкент вилоятининг турли манзилларида 3 мингта кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган. Янги уйлар учун жой танлашда ва лойиҳалаш ишларида, албатта, “Бағдод тажрибаси”га таянамиз.

Гулчеҳра Қосимова – ёлғиз она сифатида ижтимоий ҳимояга олинган. 2019 йилда туман марказидаги янги кўп қаватли уйдан битта хонадон унга имтиёзли тарзда ажратиб берилган. Ободонлаштириш бошқармасида ишлаб, ҳам рўзғор юритади, ҳам уйнинг кредитини тўлайди. Опа Гулистон йўлдош шаҳарчасига ёндош ҳудудда мингта иссиқхона қурилаётганини эшитган куниёқ туман ҳокимига ариза билан мурожаат қилди. Унинг мурожаати қаноатлантириб, иссиқхона берилди. Ҳозирда лимон кўчатлари экилиб, фойдаланиш учун топширишга тайёрланмоқда.
– Ўзлари экиб беришяпти, – дейди опа биз билан суҳбатда. – Кўчатлар 3 йиллик экан, насиб қилса, шу йилданоқ оз-моз ҳосил олишни бошлайман. Лекин кеч кузга қадар “лимон қачон пишаркин” деб қараб ўтирмоқчи эмасман. Ҳозир қатор орасига қалампир экишни мўлжаллаб турибман. Кейинроқ помидор ва бодринг экаман. Ҳисобимга кўра, иссиқхона кредитини 5 йил деганда бемалол узиш мумкин экан.
Янги уйга кўчиб келадиган оилаларни доимий даромад манбаига эга қилиш, улар учун муносиб иш ўринларини яратиш туман ҳокимлиги мутасаддилари томонидан алоҳида эътиборга олинган. Шу мақсадда 100 гектардан зиёдроқ майдонда ҳар бири 10 сотихдан бўлган 1000 та иссиқхона қурилмоқда. Иссиқхоналар “Туронбанк” томонидан 3 йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатга ажратилган кредит эвазига талабгорларга ортиқча расмиятчиликларсиз берилмоқда. Бундан ташқари, шу ҳудудда “Мурувват” номли ёшлар кичик саноат зонаси ҳам барпо этилмоқдаки, бундаги 60 га яқин тадбиркорлик лойиҳалари тўлиқ қувватда ишлай бошласа, 850 та янги иш ўрни пайдо бўлади.
– Ҳар ҳудуднинг ўзига хос драйвери бор, – дейди Бўстонлиқ тумани ҳокими Жўрабек Аҳмедов. – Масалан, бизда туризм, меҳмон уйлари, асаларичилик кенг ривожланган. Бағдодда эса лимончилик, қалампир ва супурги етиштириш билан шуғулланувчилар кўп экан. Демак, дашт ҳудудида – янги қурилаётган кўп қаватли уйларнинг шундоққина ёнгинасида бунча иссиқхона қурилаётгани бежизга эмас. Гувоҳи бўлдикки, бағдодликлар маррани катта олишган ва кўзланган натижага албатта эришилишига қатъий ишонамиз.
Меҳмонлар шу куни “Ғофуржон деҳқон” фермер хўжалигининг замонавий чорвачилик комплексида амалга оширилаётган лойиҳалар биланҳам танишишди.
М. Сулаймонов,
ЎзА мухбири