Ҳоким ёрдамчисининг фаолияти амалда қандай кечмоқда?
Бухоро вилоятида ҳудудлар бўйича 544 та маҳаллаларида ҳоким ёрдамчилари ўз фаолиятларини бошлади. Шунингдек, ҳоким ёрдамчилари учун республикадан келган вакиллар ва маҳаллий амалиётчи ўқитувчилар томонидан 10 кунлик махсус ўқув курслари ташкил қилинди ва уларнинг асосий вазифа ҳамда фаолият йўналишлари белгилаб берилди.
Хўш, мазкур лавозим эгаларининг бугунги фаолияти қандай кечмоқда?
Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати томонидан мазкур мавзу бўйича тақдим этилган маълумотларга кўра, вилоятда ҳудудлар бўйлаб 402 минг 122 та хонадонларда (100 %) уйма-уй юриш орқали хатловдан ўтказилган. Тегишли сўровномалар тўлдирилиб, online-mahalla электрон платформасига тўлиқ киритилган.
Хатлов натижаларига кўра, биринчи тоифа учун даромади кам, ишсиз аъзолари бўлган, ўз ишини бошлашга қизиқиши катта, шунингдек даромад топишга, касб ўрганишга ҳаракат қилаётган 98 минг 393 та хонадонлар рўйхатга олинган.

Иккинчи тоифа доимий даромадга эга, қўшимча даромад топиш истаги бор 151 минг 399 та хонадонлар рўйхати шакллантирилган.
Учинчи тоифа учун ногиронлиги бор, касал аъзолари бўлган, боқувчисини йўқотган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож 25 минг 37 та хонадонлар ҳамда тўртинчи тоифа учун иқтисодий аҳволи яхши ва ўзига тўқ 127 минг 293 та хонадонлар рўйхати тузиб чиқилган.

Вилоятда 544 та ҳоким ёрдамчилари, вилоят ташкилотлари раҳбарлари аъзолигида “Mahalla Hokimi” телеграм гуруҳи ташкил қилинган.Мазкур гуруҳ орқали кунлик амалга оширилаётган ишлар, аҳоли даромадини ошириш йўналишлари ва юзага келаётган муаммоларни бартараф қилиш бўйича амалга оширилган ишлар бўйича маълумотлар тақдим этиб борилади.
Ҳоким ёрдамчилари томонидан дастлабки ўтказилган хатловлар натижасида аҳолининг имтиёзли кредит маблағларига эҳтиёжи борлиги аниқланиб, 154,8 млрд.сўм миқдоридаги имтиёзли кредит маблағларни ажратилиши бўйича тавсиялар берилди.Бундан ташқари, маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида 376 нафар хонадонларга инкубаторлар тарқатилиб, фаолияти йўлга қўйилди.
Бугунги кунда ҳудудларда ҳоким ёрдамчилари томонидан 497,6 гектар ижара ерига бўлган талаб аниқланган.Мазкур ерлар аукционга чиқарилиб, танлов савдолари ўтказилмоқда. Танлов савдолари якунлари бўйича мазкур ерлар ўз эгаларига тарқатилиши режалаштирилган.
Шунингдек, жорий йилнинг 20 февраль ҳолатида аҳолини ўзини-ўзи банд қилиш ҳисобига 8 минг 826 нафар ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланишига эришилган. Корхоналарда норасмий ишлаётган ишчиларни легаллаштириш ҳисобига 6 минг 892 нафар, касбга ва тилга ўқитиб чет элга ишлашга юбориш 1 минг 75 нафар, мавжуд бўш (вакант) иш ўринларига ишга жойлаштириш 7 минг 166 нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланган.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, ўтган 2021 йил декабр ойида бўлиб ўтган вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоят ҳокими Ботир Зарипов 2022 йилда вилоятда ишсизлик даражасини қисқартириш мақсадида 152 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилиши ҳақида таъкидлаб ўтган.
Ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда хатлов натижасида аниқланган жон бошига даромад миқдори 440 минг сўмдан паст бўлган 61 мингта кам таъминланган оилалар ҳамда жон бошига даромад миқдори 440 минг сўмдан юқори 880 минг сўмдан паст бўлган, кам таъминланганлик рўйхатига тушиш эҳтимоли юқори 26 мингта оилалар билан манзилли ишлар олиб борилиб, уларнинг даромадларини ошириш режалаштирилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА