Ҳоким ёрдамчисидан бир савол...
- Хорижда ишлаётган фуқароларнинг оиласига 540 минг сўмдан пул берилади. Бу имкониятдан кимлар фойдаланиши мумкин?
- Жорий йил 1 мартдаги «Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарорига кўра, 2022 йил 1 июндан Россия Федерацияси, Туркия ҳамда Қозоғистоннинг тегишли ҳудудларида (12 та) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг вакиллик институти жорий қилинади.
Мазкур ҳудудларнинг ҳар бирига камида 2 нафар вакил бириктирилади. 2022 йил 1 майдан ҳар йили ҳоким ёрдамчилари ёзма тавсияномасига асосан боқувчиси хорижга меҳнат миграциясига чиқиб кетган ва «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатда бўлган оилаларга БҲМнинг 2 баравари (540 минг сўм) миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади.
Шунингдек, меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатда бўлган ёки «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» (дафтарлар)дан бирига киритилган, ногиронлиги бўлган оила аъзоларига дори-дармон, ногиронлик аравачалари, эшитиш аппаратлари ва ортопедик маҳсулотлар харид қилиш учун БҲМнинг 5 баравари (1 миллион 350 минг сўм) миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА