Ҳоким ёрдамчилари тақдирланди
Андижон вилоятидаги 887 та маҳалла фуқаролар йиғинида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси фаолият юритмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан таъсис этилган мазкур лавозимда ишлаш учун иқтисодни яхши биладиган, ташаббускор, ташкилотчи, энг асосийси, одамлар билан ишлай олиш салоҳиятига эга мутахассислар жалб этилган.
Йил бошида фаолиятини бошлаган ҳоким ёрдамчилари томонидан ўтган қисқа вақт ичида аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини ошириш ва камбағалликни қисқартириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хўжаобод туманида туман ҳокими Ўткирбек Шукуров, сектор раҳбарлари, ҳоким ёрдамчилари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида бўлиб ўтган тадбирда ҳоким ёрдамчилари томонидан амалга оширилган ибратли ишлар алоҳида эътироф этилди. Уларнинг янада самарали иш олиб бориши, мавжуд имкониятлардан тўлақонли фойдаланишлари юзасидан тавсиялар берилди.
[gallery-7526]
Хўжаобод туманидаги мавжуд 38 маҳалла фуқаролар йиғинида иш олиб бораётган ҳоким ёрдамчилари томонидан олиб борилаётган ишлар атрофлича таҳлил этилди, уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Тадбирда маҳаллаларда фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчиларига хизмат фаолиятида фойдаланиш учун планшетлар топширилди. Эндиликда, уларнинг ахборот алмашиш, мурожаатларни онлайн тарзда қабул қилиш ва фуқароларнинг муаммоларини ўз вақтида тинглаш имконияти янада кенгаяди.
Фаолияти давомида яхши натижаларга эришган 14 нафар ҳоким ёрдамчиси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ташаккурномаси билан тақдирланди.
– Олиб бораётган ишларим эътироф этилганидан хурсандман, – дейди тақдирланганлардан бири Хўжаобод тумани Андижон маҳалла фуқаролар йиғинида иш олиб бораётган ҳоким ёрдамчиси Дониёрбек Қурбонов. – Фаолиятим давомида аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқароларнинг тадбиркорлик, ўзини ўз банд қилишга қаратилган фаолиятларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратяпман. Бу албатта, ўзининг ижобий самараларини бермоқда.
Тадбирда келгусида амалга ошириладиган муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА