Ҳоким ва ёшлар учрашуви
Гулистон шаҳридаги Тадбиркорлар ва ҳунармандлар марказида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” доирасида Сирдарё вилоят ҳокими, сенатор Акмалжон Маҳмудалиев ўзига бириктирилган ёшлар билан учрашув ўтказди.
Вилоят ҳокими ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг келгусида етук кадр, тадбиркор ҳамда касб-ҳунар эгаси бўлиб етишиши учун ҳукуматимиз томонидан яратиб берилаётган шарт-шароитлар ҳамда давлатимиз раҳбарининг бу масалага алоҳида эътибор қаратганини таъкидлаб, замон билан ҳамнафас бўлиб, кўпроқ китоб ўқиб, билим олиш, касб-ҳунар ўрганиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш каби кўплаб масалаларда ёшларга тавсиялар берди.

Учрашувда вилоят раҳбари томонидан ёшларнинг барча мурожаатлари тингланиб, айримлари шу ернинг ўзида ҳал этилган бўлса, баъзилари масъулларга бириктирилди.
Шунингдек, ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва уларни касб-ҳунарга йўналтириш мақсадида 13 нафар ёшга субсидия асосида мото культиваторлар, тикув машиналари, пишириқлар тайёрлаш учун мосламалар, ноутбуклар, бадийй китоблар топширилди.

– Бу йилги Муборак Рамазон ҳайити ҳаётимда эсда қоларли бўлди, –дейди Сардоба туманидаги Дўстлик маҳалласида “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган Темур Темиров. – Ҳоким мен билан ҳам дилдан суҳбатлашиб, келгуси режаларим билан қизиқди ва субсидия асосида мото культиватор берди. Энди ўз культиваторим билан маҳалла аҳолиси томорқаларини шудгорлаб берсам, бир кунда ўртача 400 минг сўм пул топаман. Биз ёшларга ғамхўрлик қилаётган Президентимиздан жуда миннатдорман.

– Вилоятимиз раҳбари билан бўлиб ўтган учрашув менинг ҳаётимни ҳам ўзгартирадиган бўлди, – дейди сардобалик Диёра Раҳматова. – Мен ҳоким билан суҳбат чоғида пишириқ пиширишимни айтдим ва улар музлатгич, кондитер маҳсулотлари пиширадиган асбоб-ускуналар жамламасини берди. Энди бу ашёлар оиламизга қут-барака олиб келишига ишончим комил.

Хуллас, вилоят раҳбари билан учрашгани келган кўмакка муҳтож ёшлар ҳукуматимизнинг ёшлар учун қилинаётган ғамхўрлиги амалий ифодасининг гувоҳи бўлди.
Шуҳрат Суяров, Шаҳриёр Ортиқбоев,(сурат),
ЎзА мухбирлари