Қурилиш соҳасида қарийб 40 йиллик тажрибага эга бинокор Аҳтам Улуғов раҳбарлигидаги “47-сонли Хўжаликлараро кўчма механизациялаштирилган колонна” МЧЖ жамоаси нафақат Бухоро вилояти шаҳар ва туманларида, балки қўшни вилоятларда ҳам кенг кўламли бунёдкорлик лойиҳаларини амалга ошириб, қурилиш ва таъмирлаш-тиклаш ишларида жонбозлик кўрсатган. Қурилиш-таъмирлаш соҳасидаги талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда 2017 йилда “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғинидаги мазкур МЧЖ негизида асфальт ишлаб чиқариш корхонаси ташкил қилинган.
Ҳудудда йўл таъмири учун асосий хомашё – асфальт ишлаб чиқариш заводида 60 нафар ишчи меҳнат қилган, аммо айрим сабабларга кўра корхона иши тўхтаб қолган. Айни кунда корхона ёрдамчи хўжалигининг ўн сотих ерда иссиқхона ташкил қилингани, унда лимонарий ташкил қилинганини инобатга олмаса, мавжуд имкониятлардан фойдаланиш кўрсаткичи кескин пасайган.

Вилоят ҳокими Ботир Зарипов инқирозга юз тутган корхонадаги имкониятларни кўздан кечириб, қозонхонани муқобил ёнилғи билан таъминлаш орқали корхона иш фаолиятини тиклаш, ишчи сонини кўпайтириш, шу билан бирга, маҳаллада ишсиз бўлганлар учун пластик эшик-ром, шлакоблок каби қурилиш материаллар ишлаб чиқариш, кичик бизнесни йўлга қўйиш орқали оилалар моддий манфаатдорлигини оширишга доир тавсия ва топшириқларни берди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.