Ҳоким овул аҳолиси муаммоларини ўрганди
Навоий вилояти Конимех тумани ҳокими Руслан Рўзиев аҳоли муаммолари ва мурожаатларини ўрганиш, уларга ечим топиш мақсадида туманнинг олис ҳудудларидан бири Бесқудуқ овулида бўлди.
Мазкур овул туман марказидан 350 километр олисда Қозоғистон Республикаси билан чегара ҳудудда жойлашган. Бу ерда 151 нафар қозоқ миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилиб, асосан чорвачилик билан шуғулланади.
Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, шу вақтга қадар ҳудудга бирор марта вилоят ва туман мутасаддилари ташриф буюрмаган.

– Менинг ёшим 78 да, – дейди Кадирбек Бердишов. – Туман ҳокими бошчилигидаги мутасаддиларнинг бизнинг овулимизга келганидан хурсанд бўлдик. Боиси, шу вақтга қадар бирор бир масъул аҳволимизни сўраб, хабар олмаган. Муаммоларимиз билан қизиқмаган.
Туман ҳокимлиги матбуот хизматининг хабарига кўра, ҳоким бошчилигидаги мутасаддилар уйма-уй юриб, овулда яшовчи аҳолининг дарду-ташвишлари, мурожаатларини ўрганган. Ҳар бир фуқаро билан суҳбатлашиб, уларнинг муаммолари, таклиф ва фикрлари билан қизиққан.

Учрашувларда аниқланган ичимлик сув муаммоси бўйича туман ҳокими ўз фикрларини билдириб, тик қудуқ қазиш орқали бу муаммо бартараф этилишини таъкидлади.
Учрашувда овул ёшларига туман ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилиб, туман маданият бўлими ходимлари томонидан она Ватан, миллатлараро тинчлик ва дўстлик, ёшлик ва муҳаббатни тараннум этувчи дилрабо куй ва қўшиқлар ижро этилди.

Абдували Бўриев, ЎзА