Ҳоким: “Бугун мактаблар салоҳиятли ёш ўқитувчиларни кутмоқда”
Навоий давлат педагогика институтида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсунов иштирокида “Ҳоким ва битирувчилар” учрашуви бўлиб ўтди.
Вилоят раҳбари институтда яратилган шароитлар, ўқув жараёни, илмий-тадқиқот ишлари ва талабаларнинг ижодий қобилият ва истеъдодларини рўёбга чиқаришлари учун олиб борилаётган чора-тадбирлар билан танишди.

Шунингдек, вилоят ҳокими институт ректори Баҳодир Собиров ва секторлар раҳбарлари ҳамроҳлигида ташкил этилган тақдимотлар билан танишиб, республика ва халқаро мусобақалар совриндорлари, “Беш ташаббус олимпиадаси” иштирокчилари, уларнинг устозлари билан суҳбатлашди. “Инкубация ва акселерация” марказида бўлиб, ҳам ўқиб ҳам ишлаётган талабалар билан мулоқот қилди, уларнинг стартап лойиҳалари билан танишди.
Жорий йилда институтни 20 та бакалавриат таълим йўналиши бўйича 2029 нафар, 17 та магистратура таълим йўналиши бўйича 210 нафар талаба тугатмоқда.

Учрашувлар жараёнида Навоий шаҳар халқ таълими бўлими мудираси Диляра Тухфатулина вилоят марказидаги умумтаълим мактаблари томонидан олийгоҳнинг жорий йилги битирувчиларини ишга қабул қилиш жараёни, айни пайтгача тузилган меҳнат шартномалари тўғрисида маълумотлар берди.
“Касбга қараб иш танлаш – муҳим вазифа. Бугун мактаблар салоҳиятли ёш ўқитувчиларни кутмоқда”, деди вилоят ҳокими.

Учрашувда талабалар эришган ютуқлари ҳақида сўзлаб берди ва бир қатор таклифларни илгари сурди. Хусусан, хорижий тилларни оммалаштириш, ҳудудий бандлик бозори эҳтиёжларини прогнозлаш, ўқув ва илмий лаборатория базаларини модернизация қилиш, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, спорт-соғломлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш бўйича ўз фикрларини билдирди.
Талабаларнинг “Ҳоким соати” дарсларини ташкил этиш таклифи ҳоким томонидан маъқулланди.

Институтда битирувчиларни ўз мутахассиликлари бўйича ишга жойлаштириш мақсадида меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил этилди. Унда вилоятдаги 70 га яқин корхона, ташкилот, муассаса ва тижорат банклари ўз бўш иш ўринлари билан қатнашди.
Абдували Бўриев, ЎзА