Ходимни мажбурий ишдан бўшатиш мумкинми?
Амалиётда бу каби ҳолатлар кўп учраб туради. Ўзи бундай тушунча қонунда ўз аксини топганми?
Ушбу мавзу юзасидан Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси масъул ходими Мухриддин Шамсиддинов қуйидагиларни гапирди.
– Юридик клиникамизга бу каби мурожаатлар тез-тез учраб туради. Аслида, Меҳнат кодексининг 99-моддасига кўра, ходимнинг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишда ходим меҳнат шартномасини икки ҳафта олдин ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақли эканлиги келтириб ўтилган.
Меҳнат шартномасини бекор қилишга ходим шу корхонадаги ишни ҳақиқатда ташлаб кетиш истагини билдирган ёзма аризасига биноан йўл қўйилади. Ариза эса уни ёзувчи шахснинг ҳохиш-истагини ифодаловчи мурожат эканлигини унутмаслгимиз лозим. Агар ходим ҳақиқатдан ҳам иш берувчининг босими билан, ғайриихтиёрий равишда ариза ёзган бўлса, бу ҳужжат 99-моддада келтирилганидек, ходимнинг ташаббуси хусусиятини йўқотади.
Агар ушбу ҳолатларда ходимнинг манфаатлари юзасидан биз судга даъво ариза ёзиб берадиган бўлсак, суд ходимнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги аризани иш берувчининг қистови остида берганлигини, албатта, текшириб кўради.
Бундай ҳолатларда судлар Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли “Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида”ги қарорига кўра Судлар даъвогарнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги аризани иш берувчининг қистови натижасида берганлиги тўғрисидаги важларини синчковлик билан текширмоқлари лозим. Шу қарорга асосланиб, ходимдан босим билан олинган ариза асосида чиқарилган буйруқни ноқонуний деб, топиши мумкин.
Шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйҳатига олинган “Идоравий мансублиги, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар корхона, муассаса, ташкилот ички меҳнат тартибининг намунавий қоидалари” 2.25-бандида ходимнинг берган аризаси рўйхатга олиниши шартлиги кўрсатилган. Агар ходимнинг аризаси иш берувчи томонидан рўйхатга олинмаган бўлса, бу камчилик ҳам ходимнинг аризани мажбуран ёзганлиги тўғрисидаги талабини исботлашга ёрдам бериши мумкин.
Ходимнинг аризасига асосан ишдан бўшатиш ҳолатларида, юқоридаги каби талаблар бузилганда, хусусан, мажбуран ариза ёздирилганда, меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ суд томонидан бекор қилиниб, ходим ўз ишига тикланиши мумкин.
ЎзА мухбири
Гулноза Бобоева
ёзиб олди.