Хоразм вилоятидаги санитар тозалик билан шуғулланувчи тўртта корхонада 274 та махсус техникалар мавжуд. Уларнинг сони яна кўпайди.
Урганч шаҳри ва Урганч туманларини санитар тозалаш ва аҳоли пунктларидан чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш учун 9 та "Isuzu" чиқинди йиғиш машиналари топширилди. Янги техникаларнинг топширилиши мазкур ҳудудларда чиқиндиларни олиб кетиш қамровини оширади ҳамда аҳолига сифатли хизмат кўрсатишни таъминлайди.
[gallery-24344]
–Яшаётган маҳалла ободлиги учун нафақат маҳалла масъуллари, балки барча аҳоли тенг масъулдир, – дейди фуқаро Суҳбат Маткаримов. – Ҳамма фуқаролар чиқиндиларни ташлашда жуда эътиборли бўлиши лозим. Уларнинг турига қараб алоҳида, алоҳида қилиб тўплаб ташлаш керак. Шунда уйимиз ҳам, кўчамиз ҳам озода бўлади. Зеро, обод ва файзли юртда яшамоққа нима етсин.
Фойдаланишга топширилган техникаларнинг ҳар бири кунига 11 тонна чиқиндини йиғиб олиш қувватига эга. Бу Урганч шаҳри ва тумани ободлиги ва озодалигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (Сурат), ЎзА мухбирлари