Хизмат кўрсатиш ҳажми янада ошади
Бухоро вилоятида 2022 йилда хизматлар кўрсатиш ҳажмини 19,1 триллион сўмга етказиб, бир ярим баробарга ошириш кўзда тутилган. Бу борада туман ва шаҳарларда махсус дастур ишлаб чиқилган.
Президентимиз ташаббуси асосида бугунги кунда ҳар бир ишни энг пастки бўғиндан бошлаш кераклиги, маҳаллага тушиб “кўчабай”, “хонадонбай” ишлаш лозимлигини инобатга олган ҳолда хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича дастурлар ишлаб чиқишда ҳар бир маҳалланинг имконияти ва аҳолининг талабидан келиб чиқиб, манзилли лойиҳалар рўйхати шакллантирилди. Дастурлар туман, шаҳарлар ва вилоят Халқ депутатлари кенгашлари томонидан тасдиқланди.
Хизмат кўрсатиш аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратишда асосий соҳа ҳисобланади. Ўз навбатида ушбу йўналишда маҳаллаларда кичик лойиҳаларни амалга оширишда кўп маблағ ҳам талаб этилмайди. Шундан келиб чиқиб дастурларни шакллантиришда вилоятда 15 та йўналиш асосий драйвер сифатида белгилаб олинган. Бугунги кунда умумий қиймати 6,6 триллион сўмлик 6 минг 823 та лойиҳалар маҳаллалар кесимида манзилли рўйхатлари шакллантирилган.
Мазкур лойиҳалар ва йўналишлар кесимида 2022 йилда жами 48,2 минг та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган. Шаҳар ва туманлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари, тегишли соҳа вакиллари ҳамда энг асосийси маҳаллалардаги иқтисодий комплекс вакиллари бўлган ҳоким ёрдамчилари орқали лойиҳаларни амалга ошириш бўйича манзилли ишлар олиб борилмоқда ва мониторинг тизими йўлга қўйилган.
Бундан ташқари, вилоят қурилиш бош бошқармаси, вилоят давлат солиқ бошқармаси, давлат кадастрлар палатаси вилоят бошқармаси, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари ҳамда ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда маҳаллаларда бирор-бир объект ёки ер майдонини эътиборсиз қолдирмасдан, кўчама-кўча пиёда юриб, бўш турган объектларда хизмат кўрсатиш лойиҳаларини амалга ошириш, қурилиши тугалланмаган объектларда қурилиш ишларини якунлаб, ишга тушириш ёки самарасиз фойдаланилаётган объектларга нисбатан таъсирчан солиқ механизмини қўллаш, бўш турган ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдонларида хизмат кўрсатиш лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида уларни аукцион савдоларига чиқариш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, ҳар бир маҳаллани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича “йўл хариталар” ишлаб чиқилган. Мазкур “йўл хариталар”да ҳам хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш дастурида кўзда тутилган топшириқлар асосий вазифалардан бири сифатида акс эттирилган.
Зариф Комилов, ЎзА