Ҳизбуллоҳ Исроилга “қўл узатди”
Исроил билан муносабати ўта кескинлашган бир пайт Ҳизбуллоҳ илк бор яҳудийлар томон қадам ташлади.
– Ҳизбуллоҳ Ливанда ўт очишни тўхтатишга қаратилган саъй-ҳаракатни қўллаб-қувватлайди, – деди сешанба куни гуруҳнинг юқори мартабали расмийси.
Ҳаракат биринчи марта сулҳни маъқуллади, лекин Ғазодаги урушни тўхтатиш ҳақида ҳеч қандай фикр билдирмади.
– Парламент спикери Набиҳ Берри бошчилик қилаётган сулҳга эришиш йўлидаги сиёсий саъй-ҳаракатни қўллаб-қувватлаймиз, – деди Бош котиб ўринбосари Наим Қосим. – Ўт очишни тўхтатиш келишуви мустаҳкамланиб, дипломатияга эриша олсак, кейин қолган барча тафсилотлар муҳокама қилинади ва ҳамкорликда қарорлар қабул қилинади.
Ҳизбуллоҳ билан иттифоқчи ҳисобланган шиаларнинг Амал партияси раҳбари Набиҳ Берри Ғарб давлатлари воситачилигида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокарада муҳим шахсдир.
Маълумки, Ливандаги Ҳизбуллоҳ гуруҳи Ғазо Исроилга ҳужум бошлагандан бир кун ўтиб, яъни ўтган йил 8 октябрида ХАМАС билан бирдамлигини кўрсатиш учун Исроилга қарата ўқ уза бошлаган. Кейинроқ Ғазода ўт очишни тўхтатишга эришилгач, Исроилга қарши ҳужумдан чекинишини билдирган эди. Исроил эса Ҳизбуллоҳдан ўзаро можарони ХАМАС билан давом этаётган урушга аралаштирмасликни талаб қилди.
Ҳизбуллоҳ урушга қўшилганининг бир йиллигига бағишланган нутқида Қосим Ливанда келишувга эришиш шарти сифатида Ғазода ўт очишни тўхтатиш ҳақида гапирмади. Бу унинг ўтган ой охирида гуруҳ етакчиси Ҳасан Насруллоҳ ўлдирилгандан кейинги иккинчи чиқиши эди. Ўшандан бери Исроил мамлакат шимолига ракета отишни давом эттираётган Ҳизбуллоҳни нишонга олиб, Ливан жанубига чекланган қуруқликдаги амалиётни бошлади.
Ливан ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Боу Ҳабиб АҚШ Президенти Жо Байден, унинг франциялик ҳамкасби Эммануэль Макрон ва бошқа иттифоқчилар томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг ўтган ой бўлиб ўтган йиғилиши чақириғи – “вақтинча ўт очишни тўхтатиш”га Насруллоҳ рози бўлганини таъкидлади. Кўп ўтмай эса у ўлдирилди.
Қўшма Штатлар расмийлари СNN телеканалига айтишича, Байден маъмурияти келишувни қайта тиклаш учун фаоллик кўрсатмаяпти. Шунингдек, Исроилнинг Ливан ва Эронга қарши операцияларини шакллантириш ёки чеклашга уринмаяпти.
Исроилнинг Буюк Британиядаги элчиси Цзипи Хотовели якшанба куни Насруллоҳ ўт очишни тўхтатишга рози бўлмаганини таъкидлаб, Боу Ҳабибнинг даъвосини “бемаънилик” деб атади.
Уруш майдонидаги мислсиз жарлик
Сешанба кунги видео мурожаатида Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Насруллоҳнинг вориси Ҳошим Сафиддин “йўқ қилингани”ни айтди. Бинобарин, Исроил ҳарбийлари Байрутдаги Ҳизбуллоҳ разведка бошқармасига берилган зарбада унинг ҳалок бўлган-бўлмагани ҳамон текширилаётганини билдирди.
Нетаньяху тўғридан-тўғри Ливан халқига мурожаат қилиб, Ҳизбуллоҳга қарши туриш, “мамлакатни қайтариб олиш”га чақирди. Акс ҳолда ниҳоя Ғазо билан бир хил бўлиши билан таҳдид қилди.
– Насронийлар, друзлар, мусулмонлар – суннийр ва шиалар – барчангиз Ҳизбуллоҳнинг Исроил билан беҳуда уруши туфайли азоб чекяпсиз, – деди у. – Сизда Ливанни Ғазодаги каби вайронагарчилик ва азоб-уқубатга олиб борадиган тубсиз урушдан қутқариш имкони бор.
Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳисоботига кўра, Исроилнинг Ҳизбуллоҳга қарши уруши Ливанда 1400 дан ортиқ одам ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлган. Ҳукумат маълумотида ўтган ой авж олган жангдан кейин жами 1,2 миллион одам уй-жойини тарк этган.
Ўт очишни тўхтатиш бўйича музокара масаласида бош ирғашига қарамай, Қосим бироз итоаткор оҳанг касб этган кечаги чиқишида, асосан, Ҳизбуллоҳ Исроилга қарши курашни давом эттиришга тайёрлиги ва етарли қобилиятга эгалигини таъкидлади.
– Агар душман урушни давом эттирса, барчаси жанг майдонида ойдинлашади ва якунда ғалаба бизники бўлади, – деган у.
Мусулмон Зиё, ЎзА