Хива куни кенг нишонланди
“Очиқ осмон остидаги музей” сифатида танилган Хива яхлит ёдгорлик сифатида Марказий Осиёда сақланиб қолган ягона шаҳар ҳисобланади. Бу ерда "Ота дарвоза"дан бошлаб, ноёб "Кўҳна арк" мажмуаси, Шерғозихон мадрасаси, Жума масжиди, "Тошҳовли" мажмуаси каби 120 дан ортиқ меъморий обида жойлашган.
Хива шаҳри 1990 йилда ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган, 1997 йил 20 октябрда унинг 2500 йиллиги нишонланган.
Ушбу сана бугунги кунда Хива куни сифатида кенг нишонлаб келинади.
Шу муносабат билан музей шаҳар – “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонасида шу ерлик аҳоли ҳамда маҳаллий ва чет эллик сайёҳлар иштирокида бир қатор байрам тадбирлари бўлиб ўтди.

Маданий-маърифий тадбирлар давомида иштирокчиларга Хиванинг бой ўтмиши, “Ичан қалъа” ва унда жойлашган меъморий обидалар тарихи ҳақида маълумотлар берилди.
Шунингдек, фольклор ашула ва рақс ансамбллари томонидан миллий куй-қўшиқлардан иборат концерт дастурлари, театрлашган майдон томошалари намойиш этилди.
Уларда иштирок этган хорижлик сайёҳлар Хива шарқ дурдоналаридан бири эканини эътироф қилиш билан бирга ушбу тарихий шаҳарга ташрифларидан унутилмас таассуротлар олганликларини алоҳида қайд этишди.

– Ўзбек халқ қўшиқлари янграб, театрлаштирилган томоша намойиш этилди, – дейди италиялик сайёҳ Антонио Фарменте. – Менга Хоразмнинг “Лазги” куйи жуда ёқди. Унинг кўплаб турларини йиғишни, ўрганишни бошладим. Бу мусиқада қандайдир илоҳий куй бор деб ўйлайман. Шерикларим, жумладан, рафиқам билан мен ҳам ушбу куйга чарчаб қолгунимизча ўйнадик. Хива шаҳрининг ҳам боқий шаҳар бўлишини тилайман.

– Менда эса фольклор жамоаларнинг чиқишлари жуда катта таасурот қолдирди, – дейди япониялик Юко Накажима. – Мамлакатингизнинг сайёҳлик имкониятлари, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби шаҳарлар, қадимий ҳамда замонавий меъморчилик дурдоналари, бетакрор табиати ҳақида маълумот тўпламоқдаман. Юртимга қайтгач, нашриётимизда бу ҳақда катта материал тайёрламоқчиман.
Хива 2020 йилда Туркий дунёнинг маданий пойтахти, 2024 йилда эса Ислом дунёсининг туризм пойтахти бўлди.

– Хива тарихи ва унинг фан ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, ҳудуднинг бой маданияти ва санъати ҳақидаги ҳикоялар менда катта таассурот қолдирди, – дейди озарбайжонлик сайёҳ Ғолиб Пошазоде. – Бу ердаги манзарадан ўзимни гўё эртаклар оламида юргандек ҳис қилдим. Маҳсулотларнинг таъми жуда ёқимли. Бундай мазали овқатлар, мева, қовун ва тарвузларни олдин татиб кўрмаганман. Мамлакатингиздаги тўкин-сочинликка ҳавас қилса арзийди.
Музей-қўриқхона ходимлари томонидан Хива куни муносабати билан меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида ҳам маънавий-маърифий ва тарғибот тадбирлари ташкил этилди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА мухбири