“Ўзкимёсаноат” АЖ ахборот хизматига кўра, жорий йилнинг 17-19-июнь кунлари Навоий шаҳри делегацияси вакиллари Хитойнинг Хунань провинцияси Чжучжоу шаҳрига қилган хизмат сафари чоғида томонлар ўртасида 2024-2028-йилларга мўлжалланган меморандум имзоланган.
Мазкур келишувга мувофиқ, яқинда хитойлик тадбиркор ва мутахассислар “Навоийазот” акциядорлик жамияти фаолияти билан танишди. Бундан кўзланган мақсад Навоий ва Чжучжоу шаҳарлари ўртасида кимё саноатидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ва икки томонлама манфаатли алоқаларни янада яхшилашдан иборат.
Унда Хитой билан ҳамкорликда амалга оширилаётган бир қатор қувватлар хусусида ўзаро фикр алмашилди.
Учрашув якунида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, сифат кўрсаткичларини янада яхшилаш, экспорт имкониятини кенгайтириш ва мутахассислар малакасини ошириш юзасидан келишувга эришилди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА