Хитойлик инвесторлар Навоийда
Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов Хитой Халқ Республикасининг ишбилармон доира вакиллари билан учрашди.
Жорий йилнинг 8-11 август кунлари Навоий вилояти ҳокими бошчилигидаги делегациянинг Хитой Халқ Республикасига ташрифи доирасида қиймати 523 миллион долларлик 13 та инвестиция дастури бўйича келишувларга эришилганди.
Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хусусан, хорижий инвесторларга кенг имкониятлар яратиб берилганлиги натижасида барча ҳудудларда, хусусан, Навоий вилоятида ҳам хорижий инвестициялар ҳисобига замонавий, инновацион ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи янгидан-янги лойиҳалар амалга оширилмоқда.
[gallery-13572]
2018 йилда вилоят бўйича бор-йўғи 12,8 миллион долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилган бўлса, 2022 йилда ушбу кўрсаткич 246,2 миллион долларни ташкил этди. Бундан беш йил олдин 57 та хорижий капитал иштирокидаги корхона фаолият юритган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 297 тага етди.
Учрашув давомида вилоят ҳокими томонидан Хитой Халқ Республикасининг ишбилармон доира вакилларига маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун яратилаётган имкониятлар, шунингдек, вилоятимизнинг инвестицион ва саноат салоҳияти тўғрисида атрофлича маълумот берилди.
Эътиборлиси, учрашувда вилоят ҳудудидаги инфратузилмага эга бўлган бўш ер майдонларида “Ўзбекистон – Хитой саноат зонаси”ни ҳамда “яшил” макон лойиҳаси доирасида “Ўзбекистон – Хитой дўстлик боғи”ни ташкил этиш учун таклифлар илгари сурилди.
Учрашув якунида таклиф этилган ер майдонлари жойига чиққан ҳолда ўрганилди ҳамда лойиҳаларни амалга оширишни бошлаш бўйича амалий ишларга киришилди.
А.Бўриев, С. Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари