Хитойдан келтирилган буғдой нави етиштирилди
Бухоро вилояти Қоракўл тумани “Тайқир” маҳалла фуқаролар йиғинида “JV YINONG SEED TECHNOLOGY” масъулияти чекланган жамиятнинг фаолият кўрсатаётганига кўп бўлмади. Асосан қишлоқ хўжалигига илмий ёндашган ҳолда пахтачилик ва ғаллачилик тармоқларида селекция ва уруғчилик ишлари олиб бораётган Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси томонидан ўтган йил кузда тажриба тариқасида 60 гектар ерга Хитойдан келтирилган “GLUTEN-1” буғдой нави экиб етиштирилган.
– Маҳаллий шароитда бу уруғ чўл массивида, тўлиқ янгидан ўзлаштирилган қўриқ ерда томчилатиб суғориш технологияси асосида экиб, агротехник талабларга мувофиқ ҳосил етиштирилди, – дейди “JV YINONG SEED TECHNOLOGY” МЧЖ раҳбари Ислом Шукруллаев. – Ҳосил кутилганидан ҳам зиёд бўлди. Ҳар гектар ҳосилдорлиги 106 центнерни, яъни 10 тоннадан ошиқни ташкил этди. Эътиборлиси, яқин йилларда четдан олиб келинадиган импорт буғдой ўрнини босиши кутилаётган буғдой ўрим-йиғимидан сўнг, ғалладан бўшаган майдонда 15 июнь кунигача такрорий ҳосил ўрнида Хитойдан келтирилган чигитни экиб етиштириш мумкин бўлади. Келгуси йил ҳосили учун Қоракўл ва Олот туманларида ноябрь ойида 800 гектар ерда Хитой навига мансуб буғдой экишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Қоракўл ва Олот туманларида Хитойнинг “Zhongmian-88”, “Yinong-6” навларига мансуб эртапишар пахта чигитларини экиб, кўпайтириш тажрибаси синовдан ўтказилмоқда. Ҳозирда хориждан уруғликни қайта ишлаш, саралаш ва дорилаш технологияси келтирилган бўлиб, бу жараёнда ҳам ишни барқарор ташкил этиш чоралари кўрилмоқда.


Айни пайтда “JV YINONG SEED TECHNOLOGY” МЧЖ таъсисчиси “Мергантекс” кўп тармоқли пахта-тўқимачилик кластери билан ҳамкорликда тажриба-синов тариқасида Хитойнинг “Quanging” навига мансуб буғдойни ҳам экиб етиштирмоқда. Мутахассислар фикрига кўра, нисбатан кам меҳнат ва минерал ўғит талаб қиладиган бу навнинг ўсиш даври 246 кунга тенг бўлиб, бўйи 70 сантиметрга етади. Бошоқ сони, ҳосил қилинадиган дон бўлиқлиги, мағзи, вазни, оқсили каби бошқа асосий сифат кўрсаткичларига эга.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.