Хитой ва Корея элчилари Бухорода
Хитой Халқ Республикаси ва Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчилари Бухорога келди. Меҳмонлар Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов билан учрашди.
Вилоят ҳокими ривожланган мамлакатлар билан ҳамкорлик кўламини кенгайтириш халқаро муносабатларда Бухоро учун устуворлик касб этаётганини, бунда мамлакатлар раҳбарларининг дўстона муносабатлари ва олий даражадаги учрашувлар чоғида эришилган келишувлар муҳим ўрин тутаётганини алоҳида таъкидлади.

Сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар барча соҳаларда янги босқичга кўтарилаётганини қайд этган элчилар бу борада Бухоро вилоятининг ҳам ўз ўрни борлигини таъкидлашди. Хитой ва Корея билан ҳамкорлик даражаси энг юқори бўлган вилоят Бухоро экани эътироф этилди.

Бухоро вилоятининг Хитой ва Корея давлатлари билан савдо-иқтисодий, инвестициявий, таълим ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш борасида фикр алмашилди.
Хитой Халқ Республикаси ва Корея Республикаси Бухоро вилояти билан ташқи савдо айланмаси юқори бўлган ўнта давлат қаторига кириши эьтироф этилди. Хусусан, бугунги кунда Бухоро вилоятида хорижий инвесторлар иштирокидаги 430 дан ортиқ корхона фаолият юритаётган бўлса, улардан 45 таси Хитой, 13 таси Корея капитали иштирокидаги корхоналар ҳисобланади.

Самимий мулоқот давомида Ботир Зарипов барча хорижий ҳамкорлар қатори Хитой ва Корея компанияларининг ҳам вилоятда амалга ошираётган лойиҳалари ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини билдирди.

Хитой ва Кореянинг йирик компанияларини Бухорода тўқимачилик, қурилиш, электротехника маҳсулотлари, қуёш панеллари ишлаб чиқариш, шамол электр станциялари, замонавий меҳмонхоналар қуриш, гастрономия ва экотуризм корхоналарини очиш, эркин иқтисодий зоналарда янги лойиҳаларни амалга ошириш учун жалб қилишда амалий ёрдам беришга чақирди.
Учрашув якунида ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболлари ва бу борада амалга ошириладиган чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашилди.
Зариф Комилов, ЎзА