Хитой компанияси вакиллари “Навоийуран”да
Хитой Халқ Республикасининг “China Nuclear Uranium Co. Ltd.” компанияси делегацияси амалий ташриф билан “Навоийуран” давлат корхонасида бўлди.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад “Навоийуран” давлат корхонаси тасарруфидаги “Жантуар” ва “Маъданли” қора сланецли уран кон майдонларида қазиб олишни кўзда тутувчи технологияларни яратиш устидаги танишув ва ўрганишларни олиб боришдан иборат.
“China Nuclear Uranium Co. Ltd.” уранни қидириш, қазиб олиш ва қайта ишлаш билан шуғулланадиган Хитой Миллий ядро корпорациясининг шуъба корхонаси бўлиб, компания Хитойнинг атом энергетика саноатини ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди.

Компания Хитойдаги бир нечта уран конларига, жумладан, Шинжон-Уйғур автоном районидаги Или конига эгалик қилади ва бошқаради. Компания, шунингдек, Намибия ва Қозоғистонда уран қазиб олувчи қўшма лойиҳаларда ҳам иштирок этади.
Компания ҳузуридаги институт бош муҳандиси Янг Руншенг бошчилигида мутахассислар корхона вакиллари билан биргаликда кон майдонларига ташриф буюришиб, олиб борилаётган ишлар билан танишдилар. Шунингдек, “Маъданли” майдонида қазиб олинган технологик намуналар ўрганилди. Ушбу майдонни ўзлаштириш, маъдан таркибидан уран ва бошқа ноёб элементларни ажратиб олиш технологиясини ишлаб чиқиш мақсадида технологик намуналар олинди ҳамда сараланди.
Ташриф давомида меҳмонлар “Навоийуран” давлат корхонаси бош директори Жамол Файзуллаев билан қора сланецли уран кон майдонларида қазиб олишни кўзда тутувчи технологияларни яратиш устида олиб борилаётган жараёнлар ҳамда келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама этди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири