Тарих саҳифаларини варақлар эканмиз, кўпинча йирик урушлар, буюк саркардалар ёки муҳташам меъморий обидаларга эътибор қаратамиз. Бироқ баъзан оддийгина маҳсулот – масалан, шакар – бутун бир империянинг иқтисодиёти, технологияси ва ҳатто ташқи сиёсатига қанчалик таъсир кўрсатиши мумкинлигини кўздан қочирамиз.

Ўрта асрларда Марказий Осиё, хусусан Бухоро, Хоразм ва Самарқандда ишлаб чиқарилган шакар (хитойча “ши ми” – “тош асал”) ана шундай, тарих оқимини ўзгартирган маҳсулотлардан бири эди. Унинг сифати ва таъми шунчалик юқори бўлганки, буюк Тан империясини ўзининг анъанавий усулларидан воз кечиб, янги технологияни ўрганиш учун элчилик миссиясини юборишга мажбур қилган. Бу воқеа Туроннинг ўша даврдаги илмий ва технологик салоҳияти юксак бўлганининг яққол исботидир.

VII асрда Тан сулоласи саройига Бухоро ва Хоразмдан совға сифатида шакар – “тош асал” юборила бошланди. Америкалик хитойшунос олим Эдуард Шефернинг “Самарқанднинг олтин шафтолилари” китобида қайд этилишича, Самарқандда ҳам бу маҳсулот кенг тарқалган эди. Манбаларда Самарқанд аҳолисининг турмуш тарзи ҳақида ҳикоя қилинар экан, уларнинг янги туғилган чақалоқ оғзига шакар (новвот) солиб, катта бўлганида сўзлари ширин бўлсин, деган ният қилишлари ҳақидаги маълумот келтирилади. Бу оддий урф-одат ортида минтақада шакар ишлаб чиқариш маданияти қанчалик чуқур илдиз отганини кўриш мумкин. Турондан келтирилган бу “тош асал”нинг сифати Хитойда мавжуд бўлган шакар турларидан анча устун эди. Бу ҳолат император Тай-цзун (627–649)нинг диққатини тортди ва у бу сирни ўрганишга қарор қилди. Натижада, император Магадха (Ҳиндистон)га махсус элчилар юбориб, юқори сифатли шакар ишлаб чиқариш технологиясини ўрганиб келишни буюрди.

Бу элчилик сафари муваффақиятли якунланди. Хитойликлар шакарқамиш шарбатини қайнатиш орқали янги турдаги шакар тайёрлашни ўрганиб қайтишди. Бу янги маҳсулот “ша танг” – яъни “қумли (ёки донадор) шакар” деб номланди. Бу, катта эҳтимол билан, ҳозирги кундаги жигарранг, донадор, аммо тўлиқ тозаланмаган шакарга ўхшаш маҳсулот эди. Бу жараён оддий кўрингани билан, аслида ўша давр учун мураккаб технологик билимларни талаб қиларди. Сифатли, донадор шакар олиш учун қайнаётган шарбат кўпигини қайта-қайта ва самарали олиб ташлаш керак эди. Акс ҳолда, таркибида сахарозадан ташқари кўплаб бошқа моддалар қолган шакар тезда ёпишқоқ массага айланиб қоларди. Туронда бу технология аллақачон мукаммал даражага етказилган эди.

Бу воқеа бир неча муҳим жиҳатни очиб беради. Биринчидан, бу аждодларимизнинг нафақат савдогар, балки юксак малакали технолог ва ишлаб чиқарувчи бўлганини кўрсатади. Улар оддий хомашёдан юқори қўшимча қийматга эга, рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулот ярата олишган. Иккинчидан, Тан империясидек қудратли ва ўз технологияларига эга давлатнинг ўзга юртдан технология “импорт” қилишга қарор қилганининг ўзи, гарчи бу технология Магадҳадан ўзлаштирилган бўлса-да, императорни ушбу ҳаракатга ундаган Турон маҳсулотининг сифати ва унинг ортидаги билим қанчалик юқори баҳоланганидан далолатдир. Бу, ўз навбатида, минтақамизнинг ўша даврдаги инновацион марказлардан бири бўлганини англатади. Буюк Ипак йўли орқали фақат товарлар эмас, балки энг илғор технологиялар ҳам ғарбдан (Марказий Осиёдан) шарққа (Хитойга) қараб ҳаракатланган.

Учинчидан, бу воқеа маданий анъаналарнинг ишлаб чиқариш билан чамбарчас боғлиқлигини намоён этади. Самарқанддаги чақалоқ оғзига шакар солиш урфи оддий удум эмас, балки жамиятда шакарнинг нечоғлик муҳим ўрин тутгани, унинг қадри ва ишлаб чиқариш маданияти кундалик ҳаётга сингиб кетганининг белгисидир. Бундай муҳит эса, ўз навбатида, қандолатчилик технологияларининг янада ривожланиши ва такомиллашуви учун замин яратган.

“Тош асал” қиссаси бизга шуни уқтирадики, миллатнинг қудрати фақат унинг ҳарбий салоҳияти ёки сиёсий таъсири билан ўлчанмайди. Ҳақиқий қудрат – бу яратиш, бунёд этиш, ўзгаларни ҳайратга соладиган ва уларни ўрганишга ундайдиган даражада юксак сифатли маҳсулот ва технологиялар ярата олиш қобилиятидадир. Ўрта асрлардаги аждодларимизнинг оддий шакар ишлаб чиқаришдаги маҳорати бутун бир империянинг диққатини тортиб, уларни технология трансферига ундагани – бугунги кунда инновациялар ва юқори технологиялар асрида яшаётган биз, авлодлар учун муҳим тарихий сабоқ манбаидир. Бу мерос бизни бугун ҳам дунё бозорида рақобатбардош, юқори технологик ва инновацион маҳсулотларни яратишга илҳомлантириши лозим.

Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитой императорини ўзга юртга элчи юборишга мажбур қилган ширинлик