Хитой бозорига элтувчи йўл
“Синьхуа” ахборот агентлиги Хитойнинг Хайнан провинцияси Хайкоу шаҳрида бўлиб ўтган “Тўртинчи халқаро истеъмол товарлари кўргазмаси”да Ўзбекистон маҳсулотлари намойиш этилганини эътироф этди.
13-18 апрель кунлари бўлиб ўтган, ҳунармандлик маҳсулотларимизни Чин бозорига экспортини кенгайтириш мақсадини кўзлаган мазкур тадбир давомида кўплаб хорижий ишбилармонлар, импортчилар Ўзбекистон билан ҳамкорликка қизиқиш билдирди.

– Хитойлик истеъмолчилар билан юзма-юз мулоқот қилиш имкониятидан мамнунмиз, – дейди мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган “Asia International Trading Co., Ltd” компанияси менежери. – Чин бозорига элтувчи дарвозанинг олтин калитини топдик. Ўзбекистонлик усталар томонидан яратилган сопол идишлар, ҳарир шойи маҳсулотлар, қўл меҳнати ила шарқона нақшга йўғрилган санъатимиз хитойлик дўстларимизни мафтун этди.

Ҳамюртларимиз фикрича, “Тўртинчи Хитой халқаро истеъмол товарлари кўргазмаси” икки давлат ишбилармонлари ўртасида кўприк бўлиши баробарида, ХХР истеъмол бозорининг улкан салоҳиятини ўрганиш имконини ҳам берди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА