Хитой билан медиа мулоқот: технология, анъана ва тараққиёт уйғунлиги
Яқинда Ўзбекистоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакилларидан иборат делегация Хитой Халқ Республикасига амалга оширилган кенг қамровли пресс-турда иштирок этди. Ташриф Пекин, Чжэнчжоу ва Аньян шаҳарларини қамраб олди ҳамда у ахборот соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, замонавий технологиялар, саноат, маданият ва тарихий мерос билан яқиндан танишишга хизмат қилди.
Сафар Пекиндан бошланди. Эрталабки соатларда Хитой пойтахтига етиб келган делегация аъзолари дастлаб мамлакатнинг юраги саналган Гугун – Тақиқланган шаҳарни зиёрат қилди. Асрлар давомида императорлар қароргоҳи бўлган ушбу мажмуа Хитой цивилизациясининг нақадар бой ва чуқур илдизларга эга эканини яққол намоён этди. Ҳашаматли саройлар, ноёб архитектура ва тарихий мерос журналистларда катта таассурот қолдирди.
Шу куни Хитой халқларининг хориж билан дўстлик жамияти томонидан ташкил этилган расмий қабулда икки давлат ўртасидаги гуманитар ва ахборот соҳасидаги алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Учрашув самимий ва очиқ мулоқот руҳида ўтди.

Пекиндаги дастур доирасида делегация дунё мўъжизаларидан бири — Буюк Хитой деворининг Цзюйюнгуань қисмига ҳам ташриф буюрди. Мазкур иншоот нафақат тарихий ёдгорлик, балки халқ иродаси ва меҳнатининг рамзи сифатида катта қизиқиш уйғотди.
Кечқурун делегация Чжэнчжоу шаҳрига йўл олди ва шу ердан пресс-турнинг асосий амалий қисми бошланди. Бу шаҳар Хитойнинг муҳим саноат ва логистика марказларидан бири ҳисобланади.
Чжэнчжоудаги илк манзил — BYD компанияси бўлди. Электромобиллар ва яшил энергия технологиялари соҳасида жаҳон етакчиларидан бири бўлган ушбу корхонада ишлаб чиқариш жараёнлари, инновацион ечимлар ва замонавий транспорт воситалари яратиш босқичлари билан танишилди. Айниқса, компаниянинг синов майдонида автомобилларнинг техник имкониятлари намойиши иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Шундан сўнг делегация Чжэнчжоу халқаро қуруқлик портига ташриф буюриб, “Бир камар – бир йўл” ташаббуси доирасидаги логистика тизими қандай ишлаётганини ўз кўзи билан кўришди. Бу ерда юк ташиш жараёнларининг тезлиги, рақамлаштирилган бошқарув тизими ва халқаро савдодаги аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Халқаро олмос савдо марказига ташриф эса Хитойнинг юқори қийматли маҳсулотлар бозоридаги ўрнини намоён этди.
Куннинг иккинчи ярмида делегация Шаолинь ибодатхонасига йўл олди. Бу маскан нафақат буддизм маркази, балки машҳур кунг-фу мактаби сифатида ҳам дунёга танилган. Талинь пагодалар ўрмони ва Шаолинь “Яньлу” мактабидаги чиқишлар миллий маданият, жисмоний тарбия ва руҳий камолот уйғунлигини яққол кўрсатди. Кечқурун намойиш этилган “Дзен-буддизм” маросими эса иштирокчиларда чуқур таассурот қолдирди.
Пресс-турнинг навбатдаги манзили Аньян шаҳри бўлди. Юқори тезликдаги поезд орқали амалга оширилган сафар Хитой транспорт инфратузилмасининг тараққий этганини яна бир бор намоён қилди. Аньянда делегация “Хунцицюй” мемориал музейига ташриф буюриб, қийин табиий шароитларда амалга оширилган улкан ирригация лойиҳаси тарихи билан танишди. “Ёшлар туннели” бўйлаб ўтказилган экскурсия инсон матонати ва бирдамлик намунаси сифатида алоҳида эътироф этилди.
Шунингдек, Линьчжоу ҳудудидаги Мяохуан қишлоғига ташриф чоғида қишлоқ жойлардаги ривожланиш, инфратузилма ва аҳоли турмуш даражаси билан танишиш имкони яратилди.
Сафарнинг кейинги босқичи яна Чжэнчжоу шаҳрида давом этди. Бу ерда делегация анъанавий хитой тиббиёти илмий-тадқиқот институти ва интегратив тиббиёт шифохонасида бўлиб, шарқона даволаш усуллари ва замонавий тиббиёт уйғунлигини ўрганди. Бу тажриба тиббиёт соҳасидаги янги ёндашувлар ҳақида кенг тасаввур берди.
Шу куни Hanwei Technology компаниясида “ақлли” сенсорлар ва интернет олами (IoT) соҳасидаги илғор ишланмалар тақдим этилди. Бу эса Хитойнинг юқори технологиялар соҳасидаги етакчи ўрнини яна бир бор тасдиқлади.
Хэнань музейига ташриф давомида эса минг йиллик тарихга эга экспонатлар, археологик топилмалар ва маданий мерос намуналари билан танишилди. “Тан сулоласи саройида тунги зиёфат” номли замонавий XR кўргазмаси эса тарих ва рақамли технологиялар уйғунлигини намоён этди.
Сафар якунида делегация Пекин орқали Тошкентга қайтди. Ушбу пресс-тур нафақат ахборот соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, балки Хитойнинг иқтисодий, технологик ва маданий салоҳиятини чуқур англаш имконини берди.
Энг муҳими, бу ташриф икки мамлакат ўртасидаги медиа мулоқотни янги босқичга олиб чиқиш, ўзаро ишонч ва ахборот алмашинувини кучайтиришда муҳим қадам бўлди.
Нозимжон Мардонов, ЎзА