Киши боши берк кўчага кириб қолгач, “ақли расо” бўлиб, пушаймонлик ўтида ёнади. Унгача “шайтон” нинг этагига ёпишганини хаёлига ҳам келтирмайди. Термиз шаҳридаги мактаб интернати бош ҳисобчиси Ж.П ҳам босар-тусарини билмай, бир муддат “базму жамшид” қилади. Аммо унинг бу “яллоси” узоққа чўзилмади. Мансабидан фойдаланиб, “нафс ўпқони” деган иллат домига тушган Ж.П ҳамма нарсанинг тош-тарозиси борлигини анча кеч англаб етди.
У 2017 йил январь ойидан 2022 йил майигача мажбурий ушланмалардан ташқари, ўзининг ва мактаб ходимларининг номига моддий ёрдам ва рағбат пулларини Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 275–қарори талабларига зид ҳисоблаб, иш ҳақи қайдномаларига сохта маълумотлар киритади. Мактаб-интернатнинг меҳнат шартномаси бекор қилиниб, ишдан бўшатилган ходимларга ҳам ҳеч иккиланмай иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ҳисоблаб, 304 миллион 379 минг сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилади. Давлат манфаатларига жиддий зиён етказади.
Беш йил давомида рақамсиз тўлов қайдномаси орқали асоссиз равишда ўз номига маблағларни ўзлаштиришнинг ҳадисини олган ҳисобчи 2018 йил ишдан бўшаб кетган фаррошдан тортиб ўқитувчиларнинг номига ҳам иш ҳақи ва бошқа рағбат пулларини ёзиб бемалол “ҳазм” қилиб юради. Жумладан, 2017 йил 12 ҳолатда 21 миллион 688 минг сўмдан, 2018 йил 8 ҳолатда 44 миллион сўмдан ортиқ, 2019 йилда 10 ҳолатда 74 миллион сўмдан, 2020 йилда 35 миллион сўмдан, 2021 йил 7 ҳолатда 43 миллион сўмдан нақд пул маблағини ҳеч қандай асоссиз чиқим қилиб ўзлаштириб юборади. Энг ажабланарлиси, нафақат мактаб директори балки, ўқитувчилар ҳам гўё “қўй оғзидан чўп ололмайдиган” мўмингина ҳисобчининг хуфиёна қилмишларидан бехабар қолади.
Афсуски, кўза кунда эмас, кунида синди. Нафси ҳакалак отган ҳисобчининг сирлари фош бўлди. Қилни қир ёрадиган тафтишчилар нафси ҳакалак отган ҳисобчининг моддий рағбат пуллари, мажбурий ушланмаларни ўзлаштириб кетганини фош этди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбланиб, суд курсисидан жой олди.
Судда Ж.П мактабда ҳеч ким нақд пул ва пластик картага ўзлаштираётган маблағларни билмагани, бирон бир киши билан жиноий тил бириктирмагани, ушбу ведомостларнинг барчасини ўзи тайёрлагани, тергов чоғида етказилган зарарларни тўлиқ қоплаб бергани ҳақида кўрсатма бериб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини айтди. Ўзига нисбатан қонуний енгиллик беришни сўради.
Ҳа, ўзлаштирилган маблағлар давлат фойдасига қайтарилди. Бироқ, таълим ташкилотининг маблағини ўзлаштириб юборган ҳисобчи тегишли жазо олди. Унга 1 йил муддатга давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири