Сўнгги йилларда Ҳиндистон иқтисодиётининг шиддат билан ўсиши нафақат минтақада, балки дунёда янги технологик етакчи давлат юзага келаётганлигини кўплаб мутахассислар томонидан эътироф этилмоқда.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2024 йилда Ҳиндистон иқтисодиёти ЯИМ 6,5 фоизга ўсган (2023 йилда эса ўсиш суръати 8,1 фоиз бўлган) бўлиб, жаҳонда иқтисодиёт ҳажми бўйича 5-ўринда туради.
Бугун Ҳиндистон мамлакатга кўплаб етакчи хорижий компанияларни ўз ишлаб чиқаришларини жойлаштириш ва юқори технологияга асосланган ишлаб чиқаришни йўлга қўйишларига, барча шарт-шароитларни яратиб бераётган давлат сифатида минтақада дадил ривожланиб бормоқда.
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди сўнгги йилларда мамлакат айнан илм-фан ва технологияларни ривожлантиришда жуда катта қадам ташлаганлигини алоҳида таъкидлаб ўтган. Ҳозирда Ҳиндистон айнан инновацион иқтисодиётни ривожлантириш бўйича стратегик тармоқларга катта эътибор қаратган ҳолда минтақада иқтисодий ва технологик жиҳатдан етакчи давлатга айланишни ўз олдига мақсад қилган. Шунингдек, бунинг тасдиғи сифатида жаҳондаги кўплаб йирик корпорациялар глобал ишлаб чиқариш занжирида Ҳиндистонга муҳим ўрин берган ҳолда технологик ишлаб чиқаришни жойлаштиришга ҳаракат қилишмоқда.
Ҳиндистон Бош вазири Н.Моди 2014 йилда давлат ҳокимиятига келганидан сўнг кейинги ўн йилликда мамлакатни технологик ривожланиш йўлига олиб ўтганлигини кўриш мумкин. Бунда, аввало, Ҳиндистон иқтисодиёти учун ўта муҳим бўлган технологик тармоқлар ва саноат соҳаларини жадал тараққий эттиришга катта эътибор қаратилди.
Қуйида Ҳиндистон иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга бўлган яримўтказгичлар соҳаси тўғрисида қисқача тўхталиб ўтамиз.
Таҳлилий маълумотларга кўра, 2024 йилда жаҳон яримўтказгичлар бозори ҳажми 2023 йилга нисбатан 19%га ўсиб, 627 млрд. долларни ташкил этди. Бунда ўсиш суръатларининг катта улуши интеграл микросхемалар ҳиссасига тўғри келиб, 2024 йилда жами 534,5 млрд. доллар миқдорида ишлаб чиқарилган.
Микросхемаларни таркибий жиҳатдан кўрадиган бўлсак, 2024 йилда мантиқий микросхемалар ишлаб чиқариш 208,7 млрд. долларни ва хотира микросхемалари ишлаб чиқариш ҳажми эса 167 млрд. долларни ташкил этади.
Микроэлектроника соҳасининг истиқболлари ва унинг кўплаб янги стратегик тармоқларни тезда тараққий этишидаги аҳамияти аксарият ривожланаётган давлатларни бу саноатда ҳам етакчи саналган давлатлар қаторига киришга ундамоқда.
Сўнгги ўн йилликда Ҳиндистон микроэлектроника соҳасида етакчи саналган давлатлар қаторига қўшилиш борасида инқилобий ислоҳотларни амалга оширишга киришди. 2023 йилда Ҳиндистоннинг яримўтказгичлар бўйича бозор ҳажми 30 млрд. долларни ташкил этган бўлиб, бу кўрсаткич 2031 йилга келиб 79,2 млрд.долларга етиши кутилмоқда. Бунда 2024–2031 йиллар оралиғида тармоқдаги ялпи ўсиш суръатлари ўртача 13,5 фоизни ташкил этиши мумкин.
Микроэлектроника тармоғининг ривожланиши
Шуни таъкидлаш лозимки, Ҳиндистон 2015 йилда Digital India дастурини ишга тушириб, унга мувофиқ микроэлектроника саноатини ривожлантириш бўйича катта мақсадлар қўйганди. Мазкур дастурга кўра, Ҳиндистонда кремнийли пластиналар ишлаб чиқарувчи корхоналар ва 400 минг нафардан ортиқ юқори малакали муҳандисларни тайёрлаш режалаштирилганди.
Шунга қарамасдан 2024 йилгача Ҳиндистон мамлакатда микросхемалар ишлаб чиқарадиган заводларни барпо эта олмади ва микросхемаларга бўлган талабнинг аксарият қисми хориждан импорт қилиш эвазига қопланмоқда.
Шунингдек, 2021 йилдан бошлаб Ҳиндистонда “Яримўтказгичлар миссияси” дастури амалга ошириб келинмоқда ва бу дастурнинг мақсади мамлакатни микроэлектроника маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва дизайни бўйича глобал марказга айлантиришдан иборатдир. Ҳиндистон микроэлектроника саноати учун микросхемаларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни қарийб 20 йилдан ортиқ режалаштириб келмоқда.
Бу борада 2023 йилга қадар Ҳиндистонда микросхемалар ишлаб чиқарадиган 2 та завод қурилиши бўйича ҳаракатлар бўлган. Хусусан, маҳаллий Jaiprakash Associates компанияси АҚШнинг IBM компанияси ва Исроилнинг Tower Jazz компанияси билан биргаликда микросхемалар ишлаб чиқаришни режалаштирган. Шунингдек, маҳаллий HSMC компанияси ва Швейцариянинг STMicroelectronics компанияси ўртасида микросхемалар ишлаб чиқариш заводини ишга туширишга келишилганди. Мазкур лойиҳалар иқтисодий рентабеллик даражасининг пастлиги туфайли амалга ошмади.
2026 йилда Ҳиндистоннинг яримўтказгичлар соҳаси ёрдамида турли саноат тармоқларида қарийб 1 млн.та иш ўрини яратилиши режалаштирилган бўлиб, шундан 300 мингта иш ўрини яримўтказгичли микросхемалар ишлаб чиқарувчи ходимлар, 200 мингта иш ўрини яримўтказгичларни йиғиш, синовдан ўтказиш, маркировкалаш ва қадоқлаш билан шуғулланувчи ишчилар ҳамда қолган иш ўринлари микросхемаларни лойиҳалаш, дастурий таъминотлар яратиш, тизимли схемалар яратиш ва ишлаб чиқариш занжирини бошқариш билан боғлиқ бўлади.
Микроэлектроника соҳасидаги етакчи хорижий экспертларнинг хулосасига кўра, Ҳиндистон ҳукумати микросхема ишлаб чиқариш заводларини барпо этишда барча ишлаб чиқариш занжири Ҳиндистонда жойлашган бўлиши ва завод маҳаллий менежерлар томонидан бошқарилиши лозимлиги каби қатъий протекцион сиёсати маълум маънода микроэлектроника саноатини ривожланишига тўсиқ бўлди.
Хорижий экспертлар фикрича, Ҳиндистон микросхемалар соҳасида “фабрикасиз ишлаб чиқариш” ёндашувига асосланиб, яъни микросхемалар дизайни билан шуғулланиб, уни ишлаб чиқаришни хориждаги компанияларга буюртма бериш орқали соҳани ривожлантириши мумкин бўлади.
Ҳиндистон ҳукумати мамлакат тарихида илк бор микросхемалар ишлаб чиқаришни (28 (нм) ҳажмли) 2025 йилнинг август–сентябрь ойларида бошлашини маълум қилган. Бунда мамлакат микросхемаларни ишлаб чиқаришда янги авлод чипларга эмас, балки турли саноат тармоқларида кенг фойдаланиладиган эски авлод микросхемалар (65-нм ва 28-нм) ишлаб чиқаришга асосий эътиборни қаратишни режалаштирган. Бундан мақсад мазкур авлод микросхемаларини мониторлар драйвери, рақамли электротехника жиҳозлари ва электромобиллар ишлаб чиқаришда ички бозорда кенг фойдаланишга киритишдан иборатдир.
Микросхема заводларини ишга тушириш лойиҳалари
2024 йил 11–13 сентябрь кунлари Ҳиндистоннинг Катта Нойда шаҳрида Semicon India 2024 халқаро кўргазмаси ташкил этилди. Мазкур тадбирда Ҳиндистон Бош вазири Н.Моди яримўтказгичлар соҳасидаги дунёнинг етакчи компаниялари (NXP, Imec, Synopsys, Cadence Design Systems, Infineon Technologies, Micron Technology, Tower Semiconductor, Rapidus, Advantest, Applied Materials, Lam Research, Tokyo Electron) раҳбарлари билан давра суҳбати ўтказди.
Н.Моди яримўтказгичлар соҳасини ривожлантиришда Ҳиндистон хорижий компанияларга барча шароитларни яратиб беришини маълум қилиб, мамлакатда ушбу соҳада инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга таклиф этди.
Шунингдек, Н.Моди Ҳиндистонда 113 та университет ва илмий марказлар томонидан яримўтказгичлар тармоғи учун 85 минг нафар юқори малакали муҳандислар тайёрланаётганлигини маълум қилиб, дунёда ушбу соҳа бўйича кадрлар салоҳиятининг 20 фоизи Ҳиндистон ҳиссасига тўғри келишини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, Ҳиндистонда яримўтказгичлар саноатини ривожлантириш бўйича илмий-тадқиқот ишлари, шу жумладан, хусусий секторнинг бу борадаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича давлат томонидан 12 млрд. доллар миқдоридаги махсус молиялаштириш жамғармаси ташкил этилганлиги қайд этилди.
Н.Моди Ҳиндистон яримўтказгичлар саноатининг хорижий компаниялар учун учта муҳим жозибадор жиҳатини алоҳида таъкидлаб ўтди, яъни (1) тармоқ Ҳукумат томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланаётганлиги, (2) мамлакатда яримўтказгичли маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватларининг ортиб бораётганлиги ҳамда (3) яримўтказгичли микрочиплардан фойдаланадиган саноат тармоқларининг ишлаб чиқариш салоҳияти тобора кенгайиб бораётганлиги кўрсатилди. Шу ўринда Ҳиндистонда яримўтказгич ишлаб чиқаришни ташкил этадиган компанияларга бу инвестиция фаолияти учун 50 фоиз харажатларни Ҳукумат қоплаб бериши жорий этилганлиги маълум қилинди.
Ҳозирда микроэлектроника саноатини ривожлантириш борасида Ҳиндистон ҳукумати миллий ва хорижий компанияларга янги ишлаб чиқариш ҳажмларини ишга тушириш учун йирик давлат инвестициялари ва субсидияларни ажратмоқда.
Масалан, Ҳиндистоннинг “Tata Electronics” компанияси Тайваннинг “PSMC” компанияси билан ҳамкорликда мамлакатда илк бора 300 мм яримўтказгичли пластина чипларни ишлаб чиқариш корхонасини Гужарат штатидаги Дхолер шаҳрида барпо этмоқда. Ушбу заводнинг қуввати 50 минг пластиналарни ишлаб чиқаришга мўлжалланган бўлиб, унга жалб этиладиган жами инвестициялар ҳажми 10,8 млрд.долларни ташкил этиши кутилмоқда. Завод 2026 йил декабрь ойида ишга тушиши белгиланган.
Бундан ташқари “Tata Electronics” ўз технологияларига асосланган ҳолда қуввати 48 млн. чипларни ишлаб чиқарадиган 3,2 млрд. долларлик яна бир заводни қурмоқда. Мазкур корхона Ассам штатидаги Джагироад шаҳрида барпо этилади ва 2025 йилда ишга туширилиши кутилмоқда.
Шунингдек, Ҳиндистонда яримўтказгичли чипларни ишлаб чиқаришга мўлжалланган махсус асбоб-ускуналарни ишлаб чиқариш бўйича “Tata Electronics” компанияси Япониянинг “Tokyo Electron Limited” компанияси билан ҳамкорлик меморандумини имзолаган.
Шу ўринда Ҳиндистоннинг хусусий сектори вакили саналган “Tata Group” компаниясининг микроэлектроника соҳасида давлат-хусусий шерикчилик асосида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мазкур соҳага йирик инвестицияларни киритишга бўлган саъй-ҳаракати мазкур компания келгуси ўн йилликларда ўз фаолият йўналишида электрон саноат ва автомобилсозликни ривожлантиришга киришганлигини яққол кўрсатади.
Ҳиндистоннинг микроэлектроника соҳасини ривожлантириш борасидаги қатъий қадамларидан бири сифатида 2024 йил сентябрда Ҳиндистон Бош вазири Н.Моди билан АҚШ Президенти Ж.Байден ўртасида имзоланган Ҳиндистонда микросхемалар ишлаб чиқариш заводини барпо этиш бўйича битим ҳам аҳамиятли саналади.
Мазкур заводда мамлакат хавфсизлиги учун муҳим бўлган энг илғор сенсорли, коммуникация ва кучланишли электрон қурилмалар, янги авлод телекоммуникация ускуналари ва яшил энергетика учун иловалар яратилиши кўзда тутилган. Ушбу заводда Ҳиндистоннинг яримўтказгичлар тадқиқот маркази, 3rdiTech микросхемалар ишлаб чиқарувчиси ва АҚШ космик қўшинлари билан ҳамкорликда GaN ва SiC модификацияли чипларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Шу билан бирга Tata Group компанияси АҚШнинг Analog Devices компанияси билан ҳамкорликда Ҳиндистонда электромобиллар ва тармоқ инфратузилмалари учун яримўтказгичли маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришдилар.
Бундан ташқари, Tata Group компанияси микроэлектроника саноатида стратегик пешқадамликка эришиш мақсадида Сингапурнинг ASMPT компанияси билан кадрларни тайёрлаш, сервис муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш, автоматизация, яримўтказгичлар соҳасида эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқариш ҳамда чипларни илғор ва интеграциялашган йиғиш тизимини йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Ҳиндистон ҳукумати Гужарат штатида умумий инвестиция қиймати 916 млн. долларни ташкил этган микрочипларни йиғиш заводини ишга туширишга рухсат берган. Мазкур завод Япониянинг “Renesas Electronics”, Таиланднинг “Star Microelectronics” ва Ҳиндистоннинг “CG Power” компаниялари томонидан ҳамкорликда амалга оширилади. Завод кунлик 15 млн. дона микрочиплар ишлаб чиқариш имконига эга бўлади ва бу микросхемалар космос, электромобиль, юқори тезликдаги поездлар ишлаб чиқариш ва мудофаа соҳасида фойдаланилади.
Яримўтказгичлар саноатида Ҳиндистоннинг яна бир “Larsen & Toubro” конгломерати сўнгги уч йил ичида қиймати 300 млн. долларлик инвестицион лойиҳани амалга оширишга киришган.
Мазкур лойиҳага кўра, “Larsen & Toubro” махсус микрочипларни ишлаб чиқарувчилар билан “fabless-model” тизими (микрочип ишлаб чиқарувчи завод қурмасдан) асосида чипларни сотиб олиш бўйича контрактлар тузиб, Ҳиндистон бозорига 15 турдаги микросхемаларни етказиб беришни ва бу савдо операцияларини 2027 йилдан бошлаб йўлга қўйишни режалаштирмоқда.
Шунингдек, Ҳиндистоннинг “L&T Semiconductor Technologies” компанияси АҚШнинг IBM компанияси билан ҳамкорликда замонавий процессорлар бўйича тадқиқотлар ўтказиш ва яратиш борасида келишувга эришган.
Гофуржон Усманов,
Аъзамов Сардор,
Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби масъул ходимлари.