Ҳиндистонлик шахматчи “Президент кубоги-2024” ғолиби бўлди
Пойтахтимизда 9 кун мобайнида қизиқарли ўйинларга бой кечган “Президент кубоги-2024” баҳслари ниҳоясига етди. Шиддатли ўтган беллашувлар сарҳисобига кўра, ҳиндистонлик Ниҳал Сарин сўнгги турда ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов билан ўтган ўйинда дурангга эришди ва “А” гуруҳи чемпионига айланди.
“Президент кубоги-2024”нинг 9-турида Жавоҳир Синдоров оқ доналарда Нилаш Саҳани, Шамсиддин Воҳидов оқ доналарда Ортиқ Нигматовни, Нодирбек Ёқуббоев қора доналарда Аюш Шармани мағлубиятга учратди. Ёш шахматчимиз Саидакбар Саидалиев қора доналарда тажрибали Парҳам Магсудлуга имкониятни бой берди.


Ниҳал 7,5 очко билан энг яқин таъқибчиларини ярим очкога ортда қолдиришга муваффақ бўлган ҳолда 25 минг АҚШ долларини қўлга киритди. 2-ўриндан 7 очко билан қўшимча кўрсаткичлар эвазига Жавоҳир Синдоров жой эгаллаган бўлса, кейинги поғоналардан жой олган Парҳам Магсудлу ва Шамсиддин Воҳидов ҳам 7 очко жамғаришга муваффақ бўлди.

Т.Рўзиев, ЎзА