Ҳиндистонлик меҳмон СамДУнинг фахрий профессори бўлди
Самарқанд давлати университетида мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Ҳиндистон маданий алоқалар кенгаши президенти Винай Сахасрабуддхе билан учрашув ўтказилди.
Ҳиндистоннинг юртимиздаги элчиси Маниш Прабхат, Лаъл Баҳодир Шастри номидаги Ҳиндистон маданият маркази директори, профессор Чандер Шекхарлар ҳамроҳлигида Самарқандга келган юқори мартабали меҳмон дастлаб университетнинг халқаро таълим дастурлари факультетида ташкил этилган Ҳиндистон ўқув маркази фаолияти билан танишди.
Винай Сахасрабуддхе марказда фаолият юритаётган ҳиндистонлик мутахассислар билан мулоқот қилиб, марказ фаолиятини ривожлантириш, таълим дастурларида ахборот технологияларидан кенг фойдаланишни ташкил этиш бўйича фикрларини билдирди.
Самарқанд давлат университети фаоллар залида ўтган учрашувда Самарқанд давлат университети ректори Р.Холмуродов Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб бораётганини таъкидлаб, айнан таълим соҳасида амалга оширилаётган ҳамкорликка алоҳида тўхталиб ўтди. Жумладан, икки давлат ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари натижасида Самарқанд давлат университети Ҳиндистоннинг бир нечта олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда таълим дастурларини амалга ошираётганлигини таъкидлади. Айни пайтда ҳам университетда бир нечта ҳиндистонлик мутахассислар талабаларга таълим бермоқда.
[gallery-1381]
Ҳиндистон маданий алоқалар кенгаши президенти Винай Сахасрабуддхе ҳинд ва ўзбек халқларининг дўстлик, ҳамкорлик алоқаларининг тарихий илдизлари мавжудлиги, кейинги йилларда ижтимоий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида қайд этди.
– Мен Самарқанд ҳақида мактабда ўқиб юрган кезларим дарсликларда ўқиганман, — деди Винай Сахасрабуддхе. – Ўша пайтлардаёқ бу буюк шаҳар, дунё таниган, тан олган улуғ зотлар туғилиб ўсган мўътабар заминга қизиқиш, уни кўриш орзуси пайдо бўлган. Не бахтки, бугун болаликдаги орзуим амалга ошиб, муқаддас заминда бўлиб, унинг энг улуғ ўқув юрти билан ҳамкорлик алоқаларини амалга оширмоқдамиз. Биз бугун келгусидаги ҳамкорлик борасида қатор устувор йўналишларни белгилаб олдик.
Бунда олий ўқув юртлари ўртасида ҳамкорликдаги таълим дастурларини амалга ошириш, талабалар ва мутахассислар алмашинувини йўлга қўйиш, умуман, таълим соҳасидаги улкан имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда келгусида истиқболли лойиҳаларни амалга оширишни мақсад қилганмиз. Учрашувда Винай Сахасрабуддхега Самарқанд давлат университетининг фахрий профессори унвони топширилди.
Шунингдек, Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов ва Ҳиндистоннинг юртимиздаги элчиси Маниш Прабхат ҳамкорлик меморандумини имзолади.
Ташриф давомида меҳмонлар Самарқанднинг диққатга сазовор жойларида бўлиб, халқимизнинг бой маданий мероси билан яқиндан танишди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА