Ҳиндистон йўлларида ҳар уч дақиқада бир нохуш ҳолат кузатилади
Ҳиндистон газеталари ҳар тонг йўл-транспорт ҳодисаси ҳақидаги ёқимсиз янгиликлар билан тўлиб-тошади. Йўловчи автобуси тоғ дарасига қулагани, маст ҳайдовчи пиёдани уриб кетгани, юк машинаси енгил автомобиль билан тўқнашгани каби хабарлар саноқсиз.
BBС 2023 йил ҳинд йўлларида 172 000 дан кўп одам ҳалок бўлгани, бу кунига ўртача 474 киши ёки ҳар уч дақиқада бир инсон умри бевақт тугагани далолати эканига эътибор қаратган. Энг ачинарлиси, марҳумларнинг 10 000 нафардан зиёди норасида болалар.
Аксар ҳолатда асосий қоидаларга амал қилмаслик ортидан, масалан 54 000 одам дубулға киймагани, 16 000 йўловчи хавфсизлик камарини тақмагани, 12 000 киши ортиқча юк ортилиши туфайли ҳаётдан кўз юмган. 34 000 автоҳалокатга эса машинани лицензиясиз ҳайдаш сабаб бўлган.
Ҳиндистоннинг 6,6 миллион километрлик йўл тармоғи узунлиги бўйича дунёда АҚШдан кейин иккинчи ўринда туради. Миллий ва давлат магистраллари умумий тармоқнинг қарийб 5 фоизини ташкил қилади. Транспорт воситаларининг хилма-хиллиги, жумладан автомобиль, автобус, мототцикл, велосипед, оддий ёки ҳайвонларга боғланган аравалар вазиятни мураккаблаштиради. Қолаверса, пиёдалар ва қаровсиз ҳайвонлар ҳам ҳаракатга жиддий халақит беради.
Мусулмон Зиё, ЎзА