Ҳиндистон пойтахтини хавфли даражадаги ҳаво бўғмоқда
Бошпанасиз Гулприт Сингх Деҳли метроси бекати ташқарисидаги пиёдалар йўлакчаси четида ўтган-кетгандан овқат сўрайди. 84 ёшли қария эса Ҳиндистон пойтахтида қуюқ туманли ҳаводан нафас олиб ташқарида яшашдан бошқа чораси йўқлигини айтади.
- Ҳар куни шу ерга келаман. Баъзилар менга овқат беради, - дейди овози рикша ва автомобиллар шовқинида зўрға эшитиладиган Сингх.
Ҳиндистоннинг ҳаводаги зарарли зарралар миқдорини кўрсатувчи Миллий ҳаво сифати индексига кўра, Деҳли дунёдаги ҳавоси энг ифлос шаҳарлар қаторига киради. Бу мегаполисда айни кўрсаткич ноябрь ойи бошида "хавфли даража"га чиқди.
Деҳли аҳолиси кир ҳавога шунчалик ўрганиб қолганки, кўпчилик бунга, деярли, табиий ҳол сифатида қарайди.
Гавжум чорраҳада ҳаракатни мувофиқлаштираётган полиция зобитининг айтишича, бу мавсум ҳаво ифлосланиши оқибатида "чидаб бўлмас" ҳолат юзага келди.
- Ниқобни ечишга мажбурман, чунки тирбандликнинг олдини олиш учун ҳуштак чалишим керак, бу - даҳшатли, - дейди 48 ёшли офицер. - Атрофдаги турна қатор машиналардан чиқинди газ сизиб чиқади, нафасни ростлаш қийин. Ҳатто, кўзим ҳам оғрияпти.
39 ёшли маҳаллий ишчи Нилам Жоши ҳар гал поездда ишга жўнаш учун уйидан чиққанида нафаси бўғзига тиқилишидан зорланади.
- Эрталаб кўчада сизни биринчи бўлиб ифлос ҳаво кутиб олади, - дейди Жоши. - Кун охирига келиб, тана, нафас олиш тизими иқлимга мослашгандек бўлади, аммо эртаси куни ҳаммаси яна қайтарилаверади. Олти йилдан буён Деҳлида яшайман, ҳолат ҳечам яхшиланаётгани йўқ. Аксинча, йил сайин ёмонлашяпти. Айниқса, оммавий тадбирлар, фестиваллар чоғи жуда сезилади.
Деҳлининг Роҳини ҳудудида истиқомат қиладиган стюардесса, 28 ёшли Аманприт Каур тез-тез АҚШга парвоз қилади. У икки давлат ҳавосини солиштириб, орадаги фарқдан ҳайратга тушади.
- АҚШдан Ҳиндистонга қайтиб келсам, доимо йўталаман, - дейди Каур. -Тутун шунчалик қуюқки, кечаси кўча чироғи ёки автомобил фараси атрофини бутунлай қоплаб олади. Қуёш ботгач, кўзга фақат чанг аралаш ғубор ташланади. Деҳлида яшаш жуда хавфли.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ҳаво ифлосланиши, асосан, юрак-қон томир касалликлари, саратон ва нафас олиш йўлига инфекция тушиши натижасида дунё бўйлаб ҳар йили, тахминан, 7 миллион киши бевақт вафот этади.
Чикаго университети қошидаги Энергетика сиёсати институти томонидан ўтказилган тадқиқот ёмон ҳаво юз миллионлаб ҳиндларнинг умрини сезиларли қисқартириши мумкинлигини кўрсатди.
Тадқиқот, шунингдек, Ҳиндистон аҳолиси ЖССТ томонидан белгиланган кўрсатмадан ошиб кетадиган йиллик ўртача ифлосланиш даражасига чидашини ҳам аниқлади.
Сўнгги йилларда Ҳиндистонда ҳаво ифлосланиши даражаси мамлакатнинг қазиб олинадиган ёқилғига, хусусан, кўмирга қарамлиги туфайли янада ёмонлашди. Шу боис 2019 йил марказий ҳукумат 2024 йилгача заррачалар ифлосланишини 30 фоизгача камайтириш мақсадида тоза ҳаво миллий кампаниясини эълон қилди. Ҳар бир шаҳар учун махсус режа ишлаб чиқилди.
Яқинда Глазгода бўлиб ўтган SOP26 иқлим саммитида Ҳиндистон бир неча давлат қаторида кўмир қазиб чиқаришни "тўхтатиш" эмас, балки босқичма-босқич "камайтириш" тўғрисидаги келишувга тузатиш киритишни талаб қилди.
Гринпиc IQA таҳлилига кўра, Деҳлида зарарли ҳаво ҳар йили ўн минглаб одамлар ҳаётига зомин бўлмоқда.
Кўпчилик кўчада ниқобсиз юради, ифлосланиш даражасига нисбатан хотиржам.
Масалан, 50 ёшли боғбон Пракаш Мали бўғиқ ҳаво унга умуман таъсир қилмаслигини таъкидлайди.
- Мен боғбонман, доим лой ва чангда ишлайман, кир ҳаво таъсирини сезмайман, - дейди Мали бамайлихотир. - Ҳукумат учун устувор вазифа ҳалиям Cоvid-19 бўлиб қолиши керак. Ифлосланиш эса ҳар йилги, одатий ҳолат.
Интернет материаллари асосида
Ўткир Алимов тайёрлади