Ҳилпирайвер азиз ва муқаддас байроғим
Андижонда Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 35 йиллиги муносабати билан "Бир Ватан, бир эл, бир байроқ” деб номланган тадбир бўлиб ўтди.
Андижон шаҳри марказидаги баландлиги 64 метр бўлган Давлат байроғи ҳилпираётган майдонда ташкил этилган тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, меҳнат фахрийлари, ҳарбийлар, спортчилар, ёшлар иштирок этди.
Давлат мадҳияси садолари билан бошланган тадбирда Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Комилжон Комилов сўз олиб, озод ва обод юртимиз, шу азиз Ватаннинг ҳар бир фуқароси учун истиқлолнинг муқаддас рамзларидан бири - Давлат байроғи нечоғли қадрли эканлигини таъкидлади.


– Мусаффо осмонимиз узра ҳилпираб турган байроғимиз ҳар бир юртдошимиз учун қадрлидир, – деди вилоят ҳокими ўринбосари К.Комилов. – Айниқса, байроғимиз халқаро анжуманларда, спорт мусобақаларида бўй кўрсатса, қалбларимизда чексиз фахр-ифтихор туйғуси жўш уради.
Шунингдек, тадбирда давлатимиз байроғи юртдошларимиз, айниқса, ёшларимизнинг азму шижоати, ғурури, юртга бўлган муҳаббат ва садоқатини мустаҳкамлашга хизмат қилиши айтиб ўтилди.
Давлатимиз байроғи ўрнатилган автомобиллар колоннаси эса вилоят маркази – Андижон шаҳрининг асосий кўчалари бўйлаб айланди.

Давлат байроғи қабул қилинган санага бағишланган бу каби тадбирлар вилоятнинг барча туман, шаҳарларида, меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида ҳам бўлиб ўтди.
Марҳамат тумани ҳокимлиги томонидан “Азиз ва муқаддасдир Ватан байроғи!” шиори остида ташкил этилган тадбир ҳам Ватанимиз мадҳияси садолари билан бошланди.
Марҳамат тумани ҳокими Илёсбек Умрзоқов, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари, Ватанимиз шарафини халқаро спорт майдонларида муносиб ҳимоя қилиб, байроғимизни юксакларга кўтарган чемпионлар иштирок этган тадбирда давлатимиз байроғи мадҳ этилди. Миллий байроғимиз Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси учун азиз ва муқаддас эканлиги таъкидланди.
– Ҳар сафар халқаро турнирларда ғолиб бўлганлигим шарафига Ватанимиз мадҳияси янграб, байроғимиз кўтарилганида, беихтиёр кўзларимга ёш келади, – дейди икки карра паралимпия чемпиони Бобуржон Омонов. – Бутун вужудимни титратадиган, жунбишга келтирадиган ушбу ҳолатни сўз билан таърифлай олмайман. Бу, менимча, қалбимдаги юртга, унинг рамзларига бўлган ҳурмат, эҳтиром, туйғулари бўлса керак. Ҳар гал юртимиз байроғини бошим узра баланд кўтарганимда, Ўзбекистондай гўзал ва обод юрт фарзанди эканлигимдан чексиз фахр-ифтихор туяман.


Тадбирнинг тантанали қисми якунлангач, давлатимиз байроғи ўрнатилган автомобиллар колоннаси туман марказининг асосий кўчалари бўйлаб айланди.
Асака туманидаги 67-умумтаълим мактабида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда эса давлатимиз байроғининг тарихи, мазмун-моҳияти ва халқимиз ҳаёти, ёш авлод камолотидаги ўрни ҳақида сўз юритилди.


Тадбирда ўқувчилар томонидан Ватанга, байроғимизга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат ва юртга садоқатни ифодаловчи бадиий дастур намойиш этилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири