Яқинда ижтимоий тармоқларда «Кластерлар фермерни нега бир тийинга олмайди?» номли мақола кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Мақолада гўёки пахта-тўқимачилик кластерларини қўллаб-қувватлаш бўйича эълон қилган қарорда маҳаллий ҳокимликнинг кластерларнинг фермерлар билан бўладиган муносабатларига таъсир ўтказиш қатъиян ман этилиши белгиланганлиги, кластерлар фермер етиштирган ҳосилга шерик, лекин ҳақини вақтида бермаслиги, ўтган йил ҳосили учун фермерлар билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилмагани, кластерлар ишига маҳаллий органлар аралашмаса, вазирлик аралашмаса, улар ўз мажбуриятини бажармаслиги ҳамда қарор лойиҳаси порталда муҳокамага қўйилмаганлиги иддао қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 26 январдаги «Пахта хом ашёси етиштирувчилар фаолиятини янада қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» қарори лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этган ва лойиҳага бир нечта таклифлар берган ҳуқуқий эксперт сифатида қуйидаги фикрларни билдиришим мумкин.
Биринчидан, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 34-моддасига мувофиқ, давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик фаолияти субъектларининг қонунчиликка мувофиқ амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас. Худди шундай, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонуннинг 22-моддасига кўра, фермер хўжаликларининг хўжалик фаолиятига давлат органлари ва бошқа орган, ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари аралашувига йўл қўйилмайди.
Қарорнинг 1-бандида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятига ноқонуний аралашиш, уларнинг таъсисчиларини йиғилишлар ва бошқа тадбирларга чақириш, фермерлар билан бўладиган муносабатларига таъсир ўтказиш қатъиян ман этилиши айнан юқоридаги қонунларнинг талабларига мувофиқ жуда тўғри белгиланди.
Иккинчидан, Фуқаролик кодексининг 354-моддасига мувофиқ, фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар. Шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмайди.
Бундай ҳолатда тенг ҳуқуқли тадбиркорлик субъектлари ҳисобланувчи кластерлар ва фермерлар ўртасидаги шартномавий муносабатларга давлат органларининг ёки маҳаллий ҳокимликнинг аралашуви эса, шартнома тузиш эркинлиги принципига зид ҳисобланади.
Учинчидан, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунига илова «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, уларга илова қилинадиган ахборот-таҳлилий материалларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштиришнинг ягона услубиёти»нинг 102-бандида фермер, деҳқон ва томорқа хўжаликларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор масалаларга доир лойиҳалар – Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг кенгаши билан мажбурий тартибда келишиб олиниши белгиланган.
Қарор лойиҳаси ишлаб чиқувчи томонидан юридик, иқтисодий, молиявий, илмий, лингвистик, экологик экспертизадан, шунингдек, бошқа турдаги экспертизалардан ўтказилган ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан белгиланган тартибда келишилган.
Хусусан, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг кенгаши томонидан ушбу қарор лойиҳаси фермерлар манфаати нуқтаи назаридан 3 маротаба қайта-қайта кўриб чиқилиб, Кенгашнинг 2022 йил 23 декабрь, 2023 йил 9 январь ва 2023 йил 23 январдаги фермерларнинг ҳуқуқларига дахлдор нормаларни киритиш юзасидан лойиҳани ишлаб чиққан органга ёзма равишда берилган таклифлари инобатга олинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 17 мартдаги «Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳуқуқий хизмат кўрсатишда адлия органлари ва муассасалари фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари, қоида тариқасида, лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилотлар томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига (regulation.gov.uz) жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштирилиши белгиланган.
Мазкур қарор билан фермерлар бир қатор қулайликлар ва имкониятлар яратилди. Пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан бўнак тўлаш маҳсулот етиштирувчилар билан келишув асосида пул ва моддий ресурслар шаклида амалга оширилади. Бунда моддий ресурслар, шу жумладан, уруғлик, минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш материаллари ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари устамаларсиз (етказиб бериш бўйича транспорт харажатлари бундан мустасно) етказиб берилади. Пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан маҳсулот етиштирувчиларга сотилган уруғлик, минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш материаллари ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари электрон ҳисобварақ-фактуралар орқали кунлик расмийлаштириб борилади;
- 2023 йилдан бошлаб, хориждан олиб келинган ва республикамизда ишлаб чиқарилган лазерли қурилмага эга автоматлаштирилган ер текислагич агрегатларини сотиб олган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига ер текислагич агрегатлари қийматининг 30 фоизи Давлат бюджетидан қоплаб берилади;
- пахта хом ашёси етиштириладиган майдонларни насос орқали суғоришда сарфланадиган электр энергияси харажатларининг 50 фоизигача қисми Давлат бюджетидан қоплаб берилади;
- пахта ва ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларининг мазкур қарор кучга кириш санаси ҳолатига барча солиқлари бўйича ҳисобланган ва тўланмаган пенялари, истисно тариқасида ҳисобдан чиқарилади;
- қўшилган қиймат солиғини тўлаш ҳамда уни ҳисобга олиш муддатини пахта хом ашёси бўйича амалга ошириладиган ҳисоб-китоб муддатига мувофиқлаштиришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
Бешинчидан, қарор билан пахта-тўқимачилик кластерлари устидан қуйидаги назорат ва мониторинг ишлари ўрнатилди:
- пахта тўқимачилик кластерлари фаолиятини мувофиқлаштириш республика комиссияси таркиби тасдиқланди;
- Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан келишилган ҳолда уруғлик хўжаликларини танлаш пахта тўқимачилик кластери томонидан уларга ажратилган ер участкалари ва фермер хўжаликларининг пахта майдони доирасида мустақил равишда амалга оширилади.
- Қишлоқ хўжалиги вазирлигига Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан бирга пахта хом ашёси етиштирувчиларга ажратилган маблағлардан самарали фойдаланилишини аудитдан ўтказиш ва бизнес-консалтинг ташкилотларини шартнома асосида жалб қилган ҳолда, пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини баҳолаш ва тўрт томонлама битим мажбуриятлари бажарилишининг мониторингини олиб бориш ҳуқуқи берилди;
- Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан биргаликда ҳар ҳосил йили якуни билан томонларнинг келишувида назарда тутилган мажбуриятларнинг бажарилиши, пахта-тўқимачилик кластерлари фаолияти бўйича мониторинг олиб боради ҳамда натижаси юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб боради.
Кластерлар ва фермерларнинг шартномавий муносабатларда, шартнома шартларининг бажарилишида ҳақдорликнинг вужудга келиши ҳамда молиявий ҳолатидан келиб чиқиб, ҳақдорликнинг кечиктирилиб тўланиши табиий ҳолдир. Айни кунда кластерларнинг фермерлардан, худди шундай фермерларнинг кластерлардан ҳақдорлиги мавжуд.
Ҳозирда пахта-тўқимачилик кластерларининг фермер хўжаликлари олдида 2739211 млн. сўм қарздорлиги бўлса, худди шундай фермерлар хўжаликларининг ҳам кластерлар олдида 686025 млн. сўм қарздорлиги бор.
«Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги қонуннинг 23-моддасига мувофиқ, хўжалик шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ бўлган қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни қонун ҳужжатларига мувофиқ прокуратура органлари амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 октябрдаги қарори билан Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларига фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари манфаатларини кўзлаб судга давлат божи тўламасдан даъво аризалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, уларнинг мансабдор шахслари хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятлар тақдим этиш ҳуқуқи берилган.
Кенгаш Бош прокуратура билан ҳамкорликда фермер хўжаликларининг 2022 йил ҳосилидан топширган пахта хом-ашёси учун ҳақларини ундириб бериш мақсадида фермерлар кесимида номма-ном рўйхат қилиниб, ҳар бир фермер хўжалигининг топширилган пахта хом-ашёси учун ҳақларининг тўланиши аҳволи таҳлил қилинмоқда.
Ҳудудий кенгашлар жойлардаги прокуратура органлари билан ҳамкорликда фермер хўжаликларининг топширилган пахта хом-ашёси учун ҳақларини ундириб бериш бўйича кластер корхоналарига 14876 та талабномалар ва талабномалар ижроси таъминланмаган ҳолатлар бўйича судларга 4177 та даъво аризалари киритди. Шунингдек, кенгаш ва Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ҳамкорликда бюро органлари иш юритувидаги ижро ҳужжатларига асосан фермер хўжаликларининг пахта-тўқимачилик кластерларидаги ҳақдорликлари тўғрисидаги солиштирма далолатномалар расмийлаштирилиб, дебитори бор корхона қўшимча қарздор сифатида жалб этилиб, ундирувни унинг маблағларига қаратиш чоралари кўрилмоқда.
Фермерларга қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши фермер, деҳқонларимизнинг кунлик муаммоларини аниқлаш, тезкорлик билан ҳал этиш, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш учун ижтимоий тармоқларда ўзининг “FERMER MINBARI” (https://t.me/minbarfermer) телеграм гуруҳи фаолиятини йўлга қўйди.
Президентимизнинг ушбу қарори билан фермерлар ва кластерларга ер текислагич агрегатлари қийматининг 30 фоиз Давлат бюджетидан қоплаб берилиши, пахта етиштириш майдонларини насос орқали суғоришда сарфланадиган электр энергиясининг 50 фоизигача қисми Давлат бюджетидан қоплаб берилишининг белгиланиши ёки давлат ўз бюджетига тушиши лозим бўлган барча солиқлар бўйича ҳисобланган ва тўланмаган пеняларни ҳисобдан чиқаришида ҳам катта ҳикмат бор.
Қарордан кўзланган мақсад фермерлар ва кластерларни қўллаб-қувватлаш орқали иқтисодиётимизни янада ривожлантириш, халқимиз дастурхони тўкин-сочинлигини таъминлашдир. Халқимизда шундай нақл бор – «Ҳикмат излаганга-ҳикматдир дунё, ...»
Хулоса ўзингиздан.
Зафар Мустафоқулов,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари
ва томорқа ер эгалари кенгаши раисининг
ҳуқуқий масалалар бўйича ўринбосари