ХХРнинг элчиси Сайхунободда бўлди
Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Сзюн Сайхунобод туманининг Иттифоқ ва Олғабос маҳаллаларига ташриф буюрди.
Ташриф жараёнида Иттифоқ маҳалласида яшовчи фуқаро Рисолат Ғуломова ҳамда Ҳайитали Аҳмедов хонадонида бўлиб, томорқадан самарали фойдаланиш ва аҳоли даромадини ошириш бўйича амалга оширилган ишлар билан танишди. Шунингдек Олғабос маҳалласида ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ёшларга ажратилган 6 гектар ер майдонига экилган экспортбоп “Гантэл” навли ошқовоқ майдонини бориб кўрди ва ушбу маҳаллада балиқчилик билан шуғулланаётган тадбиркор Муҳаммаджон Султоновнинг балиқчилик лойиҳаларини кўздан кечирди.




Элчини туманда интенсив боғлар ташкил қилиш, мева-сабзавотларни қайта ишлаш каби лойиҳаларни амалга ошириш учун инвесторларни жалб қилиш масалалари қизиқтирди.
Ш.Суяров, ЎзА мухбири