Ҳеч кимга ўхшамайдиган шоир
Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоир Фахриёр таваллудининг 60 йиллигига бағишланган анжуман ўтказилди.
“Янги давр адабиётида Фахриёр ижодининг ўрни” мавзусидаги ушбу халқаро илмий-амалий анжуманда мамлакатимиз ёзувчи ва шоирлари, адабиётшунослари билан бирга Туркия, Озарбайжон, Россия ва бошқа давлатларнинг ижодкорлари иштирок этди.
Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори Низомиддин Маҳмудов Фахриёр ҳақида гапирганда ўзбек адабиётидаги, шеъриятимиздаги янгилик қилган ижодкор кўз ўнгимизда гавдаланишини таъкидлади. Айни пайтда Фахриёр шоир, моҳир таржимон, адабиётшунос олим сифатида самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид олтмиш ёш ижодкор учун ўз фаолиятини теран таҳлил этадиган, ижодини сарҳисоб қиладиган давр эканини, айни пайтда Фахриёр бутун қалбли, ижодкорларнинг истеъдодини кўра оладиган, қўллай оладиган, ўз маслаҳатлари, йўл-йўриқлари, садоқати билан кўмак бера оладиган ижодкор эканини қайд этди.
– Дарҳақиқат, Фахриёр ҳеч кимга ўхшамаган шоир, – деди Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид. – Унинг "Дарднинг шакли" деган китобини, умуман, барча китобларини қўлдан қўймай ўқиганмиз. Унинг ҳар бир китоби биз учун янгилик эди. Ижодкорнинг шеъриятдаги, адабиётдаги йўли фақат унинг ўзигагина хос йўлдир.
Фахриёр шеърлари модернистик, постмодернистик йўналишда экани билан бирга, ўзбек шеъриятининг энг гўзал ва қадимий анъаналарига содиқ қолган, она тилимизнинг бор жозибасини, гўзаллигини, миллийлигимизни ўзида ифода этган бетакрор шеъриятдир.
– Фахриёрнинг шеърлари янги адабиёт, янги шеърият намунасидир, – деди ёзувчи Улуғбек Ҳамдамов. – Эҳтимол бу шеъриятни ўқибоқ, дарров тушуниш мушкулдир. Сабаби Фахриёрнинг шеърлари интеллектуал, ташбеҳли шеърият. Шоир дунёни янгича кўришнинг катта бир чўққисидаги ижодкордир.
Адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошевнинг фикрича, Фахриёрнинг шеърларини ўқиган китобхон унинг сатрлари замиридаги жозибани ўзи кашф этади, ўзи изланади, лаззатланади.
Фахриёр (Фахриддин Низомов) 1963 йилда Самарқанд (ҳозирги Навоий) вилояти Хатирчи туманидаги Сангижумон қишлоғида туғилган. Устоз ижодкор Самарқанд давлат университетининг Ўзбек филологияси факультетини тугатган (1988). “Дарднинг шакли” (1987), “Аёлғу” (2000), “Геометрик баҳор” (2004) шеърий тўпламлари, “Янгиланиш анъаналари” (1998) публицистик мақолалар тўплами нашр этилган.
Айни пайтда Фахриёр республикамизнинг етакчи босма, электрон оммавий ахборот воситалари, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, бир қатор ижодий ташкилотларда самарали фаолият кўрсатиб келган, кўплаб ёшларга устозлик қилган шоир ижодкордир.
Халқаро анжуманда Фахриёр шеърияти сўз жозибаси, шоир шеъриятининг ўзига хослиги, унинг шаклий изланишлари, Фахриёр шеъриятида метафоралар мувозанати каби мавзулар хусусида батафсил сўз юритилди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири