Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди
Юртимизда бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.
Бухоро вилояти прокуратураси ташаббуси билан «Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин» ҳамда битирувчиларни олий таълимга жалб қилиш ва касбга йўналтириш борасида «Менинг аъло касбим» лойиҳаси доирасида Бухоро шаҳридаги 32-«Меҳрибонлик уйи»да ўтказилди.
Республикамизда ўтказилаётган «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик» фестивалининг мантиқий давоми сифатида ўтказилган тадбирда, «Бухоро халқаро аэропорти», «Бухоро минтақавий темир йўл узели» ходимлари ва IТ парк резидентлари иштирок этиб, тарбияланувчиларга ўз касблари юзасидан тушунчалар берди.
Тадбирда қатнашган вилоят олий таълим муассасалари ректорлари олий таълим йўналишида ёшларга, хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларга давлатимиз томонидан яратилган имкониятлар ҳақида сўзлаб бердилар.
«Менинг аъло касбим» лойиҳаси доирасида фаол иштироки, намунали хулқи ва таълим-тарбияси билан ёшларга ўрнак бўлган 3 нафар тарбияланувчига вилоят прокурорининг фахрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
«Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик» ёшлар фестивали доирасида ўтказилган кураш бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида «Вилоят прокурори кубоги» очиқ турнири мусобақа қатнашчилари ва томошабинларда катта таассурот қолдирди. Қизғин баҳслар асосида кечган мусобақа якунида кўҳна ва қадим шаҳар маркази «Пойи калон»да тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Биринчи ўринни Тошкент шаҳар жамоаси, иккинчи ўринни қадимий ва кўҳна Бухоро жамоаси, учинчи ўринни Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари жамоалари вакиллари эгаллади.
Вилоят прокурори Маҳмуд Истамов ғолиб ва совриндорларни самимий қутлаб, эсдалик совғалар ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирлади.
ЎзА